Шоли поядан азият чекаётган фуқаролар дардини кимга айтсин?

Жамият 02 Июнь 2017 55668

Ҳар қандай инсон ҳаётида янги уй қуриш, кўчиб кириш, Ватан ичра ўз Ватанига эга бўлиш бахт саналади. Шу жиҳатдан юртдошларимиз янги уй - жой қуришга азалдан алоҳида меҳр билан қарайди. 

Бугун Ўзбекистон бўйлаб намунали типдаги янги уй-жойлар қуриш жадал суръатда ўсиб бормоқда. Бироқ муаммо, камчиликлар ҳам талайгина. Кун.uz электрон манзилига келган мурожаатлардан бирида айни шу ҳақда маълум қилинган. 

Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани, Қўқоновул массивида бунёд этилган намунали типдаги уйларда истиқомат қилувчи 46 хонадон эгаси бугун ҳадик ва хавотир билан яшамоқда. Гап шундаки, ушбу уйларнинг шундоқ ёнида, тахминан 30-40 гектар ер майдонида шоли экилади. Қарийб бу муаммо билан аҳоли 2 йилдан бери курашиб келмоқда. Аммо натижа йўқ.

Ижодий гуруҳ мурожаатни ўрганиш мақсадида айтилган манзилга етиб борди. Бизни маҳалла аҳли кутиб олди. Энг аввало мурожаатда айтилган шоли экинзори кўздан кечирилди. Ҳақиқатдан ҳам улкан ҳудудда шоли экилган. Экинзор ичи сув билан тўла.  

Маълумот учун: 30-40 гектар шолига қуйилган сув 40 000 кубометргача боради. Шоли майдонининг рельефи маҳалладан 1-1.5 метрга баланд. Мактаб физика дарслигидаги туташ идишлар қоидасига кўра, ўрталиқда зовур ўтказилган тақдирда ҳам, шолининг суви маҳалла уйларининг тагидан булоқ бўлиб отилиб чиқади. Чунки, бу ҳудудда ер қазилса, тупроқсиз шағал кўринади. Бундай ер остида сув қувурда оққандай оқади.

Ушбу шоли экинлари қайси фермер хўжалигига ёхуд кимга қарашли экани билан қизиқдик. Маълум бўлишича, шоли экинларига жавобгар шахс Баҳром Қорахўжаев бўлиб, ундан шоли экинзори ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилдик.

“Бу ер ўзи ботқоқ жой. Аввалдан шоли поя бўлиб келган. Бу ер шундай жой – керак бўлса трактор ҳам чўкиб кетади. Уйларга зарари тегмайди. Менинг ўзим шу ерда, канални ёнида тураман – уйимни ҳеч қаери ёрилмаган. Шоли экилган жой тахминан 10-15 гектардир. Бу ернинг тагида ҳамма жойда сув бор. Фермер хўжалиги шу ерга экиб бергин, деган, экмоқдамиз. Бу ернинг раҳбари бошқа одам – Рустам ака, деган инсон”, - дейди у.

Ҳозирги кунда шолига қуйилган сув оқибатида ер ости сувлари яна кўтарилиб, ер сатҳидан 0,5 метргача келган. Шолига бир неча ой давомида тинмай сув қуйиб турилиши, кузда сув тўхтатилганда, пойдеворлар тагидан сув қочиши оқибатида, яна деворлар ёрилиши мумкинлиги, уй эгаларининг шунча уйга қилган харажатлари ва ҳаракатлари бесамар бўлиши аниқ. 

“Бу ерда ўн кун-ўн беш кундан бери ишламоқдаман. 15 куннинг ичида учинчи марта деворларни ямаяпман, бўлиниб кетмоқда. Раҳбарлар келиб кўришди. Уйлар чўкмоқда. Бошқа уйларда ҳам шундай ҳолат”, - дейди уйлардан бирида таъмирлаш ишларини олиб бораётган усталардан бири.

Бу масаланинг бир томони. Шоли экинларидаги турли хил чивин ва ҳашаротларнинг аҳоли соғлиғига кўрсатаётган таъсири эса иккинчи долзарб масала.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2009 йилдаги қарорига кўра, шоли экинлари аҳоли яшаш ҳудудидан 3 км масофада узоқликда жойлашиши, шоли экинларидаги мавжуд турли чивинлар безгак каби касалликларни ташиш эҳтимоли борлиги таъкидланган. Бироқ, мазкур тартибга ҳам шоли экувчилар амал қилмаган. Боз устига, шоли экинлари атрофидаги ҳудудда чорва молларининг боқилиши ҳам дард устига чипқон бўлмоқда.

“Асосий муаммо – баҳор пайтида ер остидаги сувлар ҳам тепага кўтарилади, бунинг устига шоли экилган, унга сув қуйилмоқда, шолидан чивин чиқаяпти, ундан ҳам барибир қандайдир касаллик чиқади. Ёш болалар, кексалар бор. Аҳолининг мол-қўйлари ҳам бор”, - дейди фуқаролардан бири.

Аҳоли шу ва бошқа муаммолар билан мутасадди раҳбарларга мурожаат қилган. Аммо натижа ҳаминқадар. Оддий мисол: намунали уйлар атрофида қурилиш ишларидан сўнг тўпланган чиқинди бугун аҳолига қурувчилардан эсдалик сифатида қолган. Табиийки, бундай вазиятда ободонлаштириш, тозалик ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

“Республика Халқ қабулхонасига мурожаат қилинганида, ишчи гуруҳи келиб, ўрганган. Маҳалламизда фуқароларнинг иштирокида кўриб чиқилган. Мурожаат қилинган масалаларда ҳақиқатдан ҳам камчиликлар мавжудлиги ўз тасдиғини топган. Шу камчиликлардан бири – йўл қурилиши деярли охирига етай деб қолди. Фақат бир муаммо қолди – зовурни устидан ўтган кўприк қурилиши лойиҳада бўлмаганлиги учун бунга ҳеч ким маблағ ажрата олмаяпти, қуриб ҳам бера олмаяпти. Бу оғзаки айтишлари бўйича. Уйлар бизга 2017 йилнинг январида топширилган. Қурилишдан чиққан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича ишлар тўхтаб қолди”, - дейди фуқаролардан яна бири.  

Бизни маҳалла аҳолиси билан суҳбатимиз якунида Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари Асқар Турдиалиев шоли экинларини кўздан кечириш учун келганининг гувоҳи бўлдик. Кутилмаганда ҳоким ўринбосарининг ташрифи маҳалла аҳлини ҳам ҳайратга солди. Балки ташриф сабаби бироз аввал суҳбатлашган шоли экинига жавобгар Баҳромжоннинг ахбороти биландир, балки ватанпарварлик туйғуси биландир, бу биз учун қоронғи. Бироқ биз баъзи саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик. 

“Уларнинг жойлаштиришга рухсати бор. Бизга мурожаат қилинган масала бўйича шуғулланмоқдамиз. Ўзи сизларнинг бу ерга келганингиздан ҳокимнинг хабари борми? Сизлар хабар беришингиз керак. Туман ҳокимлигини бир оғиз хабардор қилиб қўйишингиз керак-ку. 

Биз мана чоралар кўрмоқдамиз. Ёпиб ташламоқдамиз, кечқурун келиб очаяпти фермер. Сувни тўхтатмоқдамиз, фермер кечқурун келиб очиб ташламоқда”, - дейди ҳоким ўринбосари.

Қизиқ, бу туманда журналистлар аҳоли мурожаатини ўрганиш учун туман ҳокимидан рухсат олиши кераклиги ёзилмаган қоидами ёки туман ҳокими ўринбосарининг нимагадир шаъма қилишими? 

Яна ҳам қизиғи, наҳотки туман ҳокими ўринбосари ҳаётга татбиқ этилаётган ҳуқуқий ҳужжжатларнинг ижроси, аҳоли муаммосининг қай даражада ечим топаётганидан бехабар бўлса? 

Ёхуд 2017 йил 15 май куни вилоят ҳокимининг ушбу маҳалла аҳолиси билан учрашувида шоли майдонларини бартараф қилиш бўйича туман ҳокими ва туман ҳокими 1-ўринбосарига топшириқ берган бўлса ҳам, ҳамон бу топшириқнинг ижроси негадир тўхтаб тургани тушунарсиз. 

          
Шунингдек, мазкур намунали уйларга 2015 йилда, қурилиш бошланишидан олдин берилган хулосада “ер ости сувлари 90 см. гача” деб қайд этилган. Бироқ, 2016 ва 2017 йилларда бу кўрсаткич ҳужжатда кўрсатилгандек эмаслиги мутахассислар томонидан ўрганилганда маълум бўлган. Бу борада мутасадди раҳбарлар хеч қандай чора кўрмаган.  

Хуллас, лўнда қилиб айтганда, Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими аҳоли мурожаатларига яхшироқ эътибор қаратса, Президент олиб бораётган сиёсатнинг амалдаги ифодасига ўз ҳиссасини қўшган бўлар эди.

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 31916 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 69336 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 9495 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 131812 Жамият
Ҳиндистондаги темир йўл фалокати қурбонлари сони 20 кишига етди
21:58 17 Жаҳон
Испания Франция билан чегарасида назоратни кучайтиради
21:53 22 Жаҳон
АПЛ. «Ливерпуль» қийин ғалабани қўлга киритди, 
21:50 237 Спорт
Олий лига. Бир дербида дуранг, бошқасида йирик ҳисоб, «Қизилқум» етакчилардан бирини енгди
21:35 751 Спорт
Ўзбекистондаги Police мотоцикл гуруҳлари​ фаолиятига ойдинлик киритилди
Рио-2016​ олимпиадасидан бир йил ўтди. Шаҳар бугун ачинарли ҳолатда
21:15 4384 Спорт
Кўпроқ янгиликлар