Жиззах вилоятидаги «Фориш» тоғ дала-ўқув майдонида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида «Шунқорлар» ҳарбий-спорт мусобақасининг якуний – республика босқичи бошланди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати негизида ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмасдан, бошини баланд кўтариб яшайдиган, Ватанимизнинг тақдири ва истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялашдек устувор мақсад мужассам. Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий кенгаши, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси каби қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақаси баркамол авлод тарбияси йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг яна бир ёрқин исботидир.

“Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақаларининг бу йилги Республика босқичи жорий йилнинг 1-3 июнь кунлари Жиззах вилоятида жойлашган “Фориш” тоғ дала ўқув майдонида ўтказилмоқда. Мусобақа аввалида ўқувчи-ёшлар Жиззах шаҳридаги “Мотамсаро она ҳайкали” пойига гул қўйиб, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига экскурсия уюштириб, у ерда вертолёт ва самолёт макетлари, курсантларнинг таълим олиши ва дам олиши учун яратилган шароитлар, ўқув тренажёрларида амалий парвозларни бажариш, компьютерлаштирилган машғулот хоналарида нишонга олиб отиш ҳамда ҳарбий учувчилар тайёрлаш борасидаги таълим жараёни билан яқиндан танишган бўлсалар, мусобақалар давомида дала ўқув майдонидаги аскарлар ётоқхонасида яшаб, ҳарбий хизматчиларнинг кундалик турмуши, ҳарбий хизматнинг шарт-шароитлари билан танишган ҳолда ўзлари учун зарур кўникма ҳосил қилди.

Мусобақаларнинг тантанали очилиш маросимида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, Жиззах вилоят ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамда Мудофаа вазирлиги Фахрийлар ишлари бўйича марказий кенгаш аъзолари, ҳарбий хизматчилар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, жисмонан ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни миллий, умуминсоний қадриятлар ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, болалар спортини ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганини, ушбу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, қолаверса, ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ишларини яхшилаш, энг муҳими, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда «Шунқорлар» ҳарбий-спорт мусобақасининг муҳим ўрин тутиши ва фарзандлар қалбида ватанпарварлик, мардлик, жасорат туйғуларини шакллантириш, уларни миллий истиқлол мафкураси руҳида камол топтиришдек устувор вазифаларни қамраб олиб, ўзига хос спорт байрами, спорт ҳаракатига айланиб улгурганини алоҳида эътироф этишди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 14 та жамоа саф, ҳарбий топография, ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий тайёргарликлар, кросс, турникда тортилиш, граната улоқтириш, тўсиқлар йўлагидан ўтиш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, пневматик қуролдан нишонга отиш, хорижий тил билимдони каби шартлар бўйича ўзаро куч синашмоқдалар. Беллашувлар кутилганидек, қизиқарли ва шиддатли, муросасиз баҳсларга бой тарзда кечмоқда.

  • Мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, жисмонан ва ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни миллий, умуминсоний қадриятлар ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, болалар спортини ривожлантириш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу мақсадларни ҳаётга татбиқ этиш, қолаверса, ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ишларини яхшилаш, энг муҳими, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда «Шунқорлар» ҳарбий-спорт мусобақасининг муҳим ўрин тутиши ва фарзандлар қалбида ватанпарварлик, мардлик, жасорат туйғуларини шакллантириш, уларни миллий истиқлол мафкураси руҳида камол топтиришдек устувор вазифаларни қамраб олиб, ўзига хос спорт байрами, спорт ҳаракатига айланиб улгургани алоҳида эътирофга лойиқ, – дейди ҳакамлар ҳайъати аъзоси подполковник Нурулло Обидов.

Ҳа, ўқувчиларнинг мусобақа шартларини бажаришида ғалабага, жисмоний баркамолликка кучли интилиши ва шижоати яққол кўзга ташланади. Ёшларнинг пухта ҳозирлиги, ғайрати, ҳарбийликка бўлган қизиқиши, чуқур ҳавасига, дадил саъй-ҳаракатларига гувоҳ бўлиб, қувонишингиз табиий. Келгусида бу тиришқоқ йигитларни миллий армиямиз сафларида аскар ва сержантлар, офицерлар сифатида кўрсак, ажаб эмас. Ахир, энг сара ўғлонларгина Ватан ҳимоя­чиси шарафига сазовор бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.