Ўзбекистон Global Peace Index 2017 тинчликсевар мамлакатлар рейтингида дунёнинг 163 мамлакати ичида 101-ўринни эгаллади. Тадқиқот натижалари иқтисодиёт ва тинчлик Институти сайтида эълон қилинган.

Тинчликсеварликнинг глобал индекси Австралия ва АҚШдан бўлган ижтимоий тадқиқотчилар ҳамда иқтисодчилардан иборат халқаро экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилди. Global Peace Index рейтингини тузишда ўнга яқин асосий кўрсаткичлар ҳисобга олинди (масалан, қуролли можароларда иштирок этиш, куч тузилмалари сони, рўй берган қотилликлар сони). Давлатларга ҳар бир асосий кўрсаткич бўйича 1 дан 5 гача баҳо қўйилади. Рўйхатда ҳаммаси бўлиб 163 мамлакат бор.

Индексга кўра, Ўзбекистон 2,132 индекси билан 101-ўриндан жой олди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Global Peace Index 2016’да 2,216 индекси билан 109-поғонани эгаллаганди.

Рейтингда биринчи ўринни Исландия эгаллади. Шунингдек, энг тинчликсевар давлатлар топ-10лигида Дания, Австрия, Янги Зеландия, Португалия, Чехия, Швейцария, Канада, Япония ва Словения ҳам бор.

Бу борадаги энг салбий кўрсаткичлар эса Сурия, Жанубий Судан, Ироқ, Афғонистон, Сомали, Яман, Украина, Судан ва Ливия томонидан қайд этилган.