Ветеринария соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, ҳайвонларнинг соғлиғини сақлаш бўйича самарали ишларни ташкил этиш, давлат ветеринария назоратини кучайтириш ва ветеринария сервис сифатини ошириш, эпизоотик барқарорликни ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган, ҳайвонлардан олинадиган рақобатдош маҳсулот ва хомашё ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ветеринария хизмати тизимини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев "Давлат ветеринария хизмати бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни қабул қилди.

Фармонда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси ташкил этилиши, унинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплекси таркибига кириши белгилаб қўйилди.

Янги қўмитанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланиши кўрсатилди:

ветеринария соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, меъёрий-ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш, ушбу соҳада давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш, ветеринария фаолиятини лицензиялашни амалга ошириш;

ветеринария хизматини янада ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш, мамлакатимиз ҳудудларига ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, амалиётга ҳайвонларни даволашнинг ва профилактикасининг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқариш;

эпизоотик барқарорликни таъминлашда ҳайвонларнинг юқумли касалликларини ўз вақтида аниқлаш, ташхис қўйиш ва тарқалишининг олдини олишга доир профилактик ишларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш;
ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишида давлат назоратини таъминлаш, ветеринария соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларини сифатли ва тизимли равишда ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; ҳайвонларни касалликлардан ҳимоя қилиш, ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот ва хомашё хавфсизлигини таъминлашда идоравий ҳамда ишлаб чиқариш ветеринария хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларнинг сифати ҳамда муомаласи юзасидан назоратни амалга ошириш;

кадрларни тизимли қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш, раҳбар ва мутахассисларнинг иш услуби ва шаклларини такомиллаштириш, шу жумладан, тизимга қарашли идоралар, юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли ижроси бўйича уларнинг масъулиятини ошириш;

ветеринария соҳасида илмий, услубий ва таълим салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш, илмий тадқиқотлар йўналишларини белгилаш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар, инновация ишланмалари натижаларини ветеринария амалиётига жорий этилишини мувофиқлаштириш;

халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ветеринария хизмати фаолиятига илғор технологиялар ва иш услубларини жорий этиш.

Давлат ветеринария қўмитаси зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик қилиш механизмлари, шунингдек, ҳайвонларни идентификация қилиш ва рўйхатга олишнинг такомиллаштирилган тизими ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.