Бугун Кардиффдаги «Миллениум» стадионида Италиянинг «Ювентус» ва Испаниянинг «Реал» (Мадрид) клублари ўртасида финал учрашуви бўлиб ўтади. Финал ўйини Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади ва юртимизда Uzreport-TV орқали жонли эфирда намойиш этилади.

Германиялик ҳакам Феликс Брих томонидан бошқарилиб борувчи, Европада йилнинг энг муҳим ўйини жуда кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Мухлислар ва мутахассислар ҳар икки жамоанинг финалда ғғалаба қозониш имкониятларини баб-барава санашмоқда.

Ушбу финалнинг бошқа йилдагиларидан ажратиб турувчи интригалик жиҳатлари ҳам кўпроқ:

  • Зидан собиқ жамоаси «Ювентус»га қарши.
  • Игуаинми ёки Бензема?
  • Буффон, ниҳоят, шу совринини юта оладими?
  • «Ювентус» сўнгги 4 ЕЧЛ финални бой берган, «Реал» эса ҳеч қачон финалларда ютқазмаган — анъана бузилармикан?
  • Бирдан ортиқ жамоа билан 4 марта ЕЧЛ ғолиблиги биринчи марта кимга насиб этади: Роналдугами ё Дани Алвешга?
  • «Реал» ЕЧЛни кетма-кет 2 марта ютган илк жамоа бўла оладими?
  • Криштиану Роналду ЕЧЛнинг уч финалида гол урган илк футболчи бўла оладими?

Келинг, жаҳон тан олган мутахассисларнинг фикрлари билан ҳам танишайлик.

Маттеус: «Реал» кучли, лекин «Ювентус» янада кучлироқ

Мюнхеннинг «Бавария» клуби ва ГФР терма жамоаси собиқ футболчиси Лотар Маттеус ўзининг «The Sun» газетасидаги колонкасида бугунги финалда нега «Ювентус» фаворит ҳисобланишини тушунтириб ўтган.

«Ювентус»–«Реал» ЕЧЛ финалига хос ва мос ўйинлардан бири, икки буюк клуб учрашувидир. Менга «Ювентус» фаворит бўлиб кўринмоқда, чунки туринликлар «Реал»га нисбатан анча уддабурон жамоа.

«Барселона» ва «Монако»га қарши ўйинларда туринликлар ўйинга нисбатан ёндашувни ўзгартира олишларини исботалган эди. Боз устига, Кьеллини, Бонуччи, Барцальи ва ҳукмдор Буффондан иборат уларнинг ҳимоя чизиғи турнирдаги энг яхшиси ҳисобланади. «Ювентус» 12 учрашувда 3 гол ўтказган холос, бу феноменал натижа!

«Ювентус» нафақат ҳимояси билан матанса арзийди. Бу жамоа ҳужумни ҳам уюшқоқлик билан ташкиллаштиради. Туринликлар мадридликларга нисбатан анча ихчам ҳаракат қилишади. «Ювентус» майдонда битта организмдек ўйлайди ва ўйнайди. Албатта, «Реал» кучли, лекин «Ювентус» янада кучлироқ, — деб ёзган Маттеус.

 

Шевченко: Буффондек футболчи ЕЧЛни ютишини истардим

2003 йили «Милан» таркибида ЕЧЛни қўлга киритган собиқ футболчи ва айни дамда Украина миллий терма жамоаси мураббийи Андрей Шевченко финал борасида қуйидагича фикрларни билдириб ўтди:

«Чемпионлар лигаси финалини албатта кўраман. Кўнглимнинг туб-тубидан Буффондек буюк футболчи ЕЧЛни қўлга киритишини истар эдим. Шу сабабли кўпроқ «Ювентус»га мухлислик қилсам керак».

 

Зеедорф: Финалда шода-шода голларни кутиш ярамайди

Чемпионлар лигасининг тўрт карра соҳиби бўлган бу собиқ юлдуз ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди:

«Қандайдир мушакбозликни кутмаяпман. Бу финал, ҳар икки жамоа ҳам биладики, бундай ўйинларда биргина вазият учрашув тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин. Ҳеч ким таваккал қилишни истамайди. Фикримча, бу тактик ва мураккаб ўйин бўлади, шода-шода голларни кутиш ярамайди. Ҳар икки жамоа бири бирини эркин ҳудудлар ва қарши ҳужум уюштириш имкониятидан маҳрум этишни эплай олишади, шунингдек ўша, юқорида тилга олинган, ҳамма нарсани ҳал қилувчи ягона вазиятдан ҳам фойдалана олишади», дея Зеедорфнинг сўзларини келтиради УЕФА расмий сайти.

 

Сальгадо: «Реал» ЕЧЛни кетма-кет икки бор ютган илк жамоа бўлади

«Реал»нинг собиқ ҳимоячиси Мичель Сальгадо ҳам ўйин борасидаги ўз тахмини билан ўртоқлашди.

«Менинг тахминимча, ҳисоб «Реал» фойдасига 2:1 бўлади. Ўйин мураккаб бўлади, лекин алал-оқбиатда «Реал» ғалаба қозонишига ишонаман ва бу турнирни икки марта кетма-кет ютган илк жамоага айланади», — деган Сальгадо УЕФА матбуот хизматига.