Европа чемпионлар лигасининг бу мавсумдаги ҳал қилувчи учрашуви бугун бўлиб ўтади. Узоқ давом этган евромавсумнинг энг муҳим учрашувда «Реал» ва «Ювентус» бош соврин учун кураш олиб боради. Tribuna.Uz йилнинг энг муҳис учрашувига батафсил тўхталади.

«Ювентус» - «Реал» (3 июнь, 23:45, UzReport, Матч ТВ, Матч! Футбол 1)

Бу «Реал»нинг мусобақа финалларидаги 15-иштироки бўлса, «Ювентус» тўққизинчи марта бош соврин учун ҳал қилувчи учрашувда иштирок этади. Бу сафарги финал Кардиффдаги «Милленниум» стадионида бўлиб ўтади. Стадион ўз бағрига 74 500 нафар мухлисни сиғдира олади. Учрашувни германиялик Феликс Брих бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

Финалгача босиб ўтилган йўл

«Ювентус» гуруҳ босқичида бирорта ҳам мағлубиятга учрамаган ҳолда, 14 очко тўплаб биринчи ўринни эгаллаганди. «Севилья», «Лион» ва «Динамо» Загребга қарши кечган учрашувларда жамоа фақат икки дуранг қайд этган. 1/8 финалда туринликларга «Порту» рақиблик қилди ва иккала учрашувда ҳам Аллегри шогирдларининг қўли баланд келган —1:0, 2:0, умумий 3:0. «Ювентус»нинг чорак финалдаги рақиби «Барселон» бўлганди. Нимчорак финал қаҳрамонларига қарши учрашувда туринликлар ўз уйида 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, меҳмонда бу устунликни сақлаб қолишганди 0:0. «Монако»га қарши ярим финал учрашувларида эса меҳмонда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган жамоа, ўз уйида 2:1 ҳисобидаги устунлик билан финалга йўлланма олганди.

«Реал» эса ўз гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритишни уддалай олмаганди. Дортмунднинг «Боруссия» клубидан кейин иккинчи ўрин билан 1/8 финалга чиққан мадридликлар Италиянинг «Наполи» клубини икки ўйинда ҳам бир хил 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, чорак финалда фаворитлардан бири «Бавария»га қарши майдонга тушганди. Меҳмон жамоалари 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ўйинларда қўшимча бўлимлар белгиланган ва ҳакамларнинг қўпол хатолари билан ёдда қолган можароли ўйинда «Реал» керакли (4:2) натижага эришиб ярим финалга йўлланма олганди. Ярим финалда «Атлетико»ни уйда 3:0 ҳисобида енгган мадридликлар меҳмонда 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришганига қарамасдан, икки ўйиндаги устунлик эвазига 15-бор финал йўлланмасини қўлга киритганди.

Ўзаро учрашувлар тарихи

Икки жамоа шу кунга қадар ЕЧЛ доирасида 18 маротаба рўбарў келишган. Натижалар бўйича кўрсаткичда мутлақо тенглик кузатилган. 8 марта «Ювентус», 8 марта «Реал» учрашувларда ғалаба қозонган бўлса, икки учрашувда ғолиб номи аниқланмаган.  Икки жамоа иштирокидаги сўнгги етти учрашувда «Реал»фақат бир мартагина (2013-2014 мавсум гуруҳ босқичи учрашуви) ғалаба қозонган.

Жамоаларнинг финалдаги ягона тўқнашуви 1998 йилга тўғри келади. Ўшанда Предраг Миятовичнинг ягона голи «Реал»га ЕЧЛдаги илк бош совринни (иккала мусобақани қўшса еттинчи бош соврин) келтирганди. Аммо шундай кейин «Реал»нинг «Ювентус»га қарши ўйинларда омади юришмайди. Жамоалар ўша финалдан сўнг ҳал қилувчи плей-офф босқчида уч марта тўқнаш келган бўлса, уччала ҳолатда ҳам «Ювентус» икки ўйин натижасига кўра, кейинги босқичга йўлланма олган.

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— «Реал» Европа чемпионлар лигаси ташкил этилганидан буён кетма-кет икки марта бош совринни қўлга киритган илк жамоага айланиши мумкин;
— «Ювентус» сўнгги тўртта ЕЧЛ финалларининг барчасида мағлубиятга учраган, жумладан «Реал»га қарши ўйинда ҳам;
— «Ювентус» ЕЧЛнинг ўтган 12 учрашувининг бирортасида мағлубиятга учрамади (9 ғалаба ва 3 дуранг). Агар жамоа финалда ҳам ютқазмаса 2007/2008 йилги мавсумда «Манчестер Юнайтед» қайд этган натижани такрорлаб, ғолибликни қўлга киритиши мумкин;
— «Реал» ва «Ювентус» янги форматдаги ЕЧЛ ташкил этилганидан буён олтинчи марта финалга етиб келишди ва бу борада рекордчи «Милан»га тенглашиб олишди;
— «Реал» ўзи иштирок этган барча бешта финалда ғалаба қозониб, бош совринни қўлга киритган;
—«Ювентус» иштирок этган бешта финалнинг фақат биттасида ғалаба қозона олган;
— Умуман олганда «Ювентус» ЕЧЛ ва ЕЧК финалларида энг кўп мағлубиятга учраган жамоа саналади. Саккизта финалда қатнашган туринликлар, уларнинг олтитасида имкониятни бой беришган;
— «Реал» ЕЧЛ ва ЕЧК финалларида жами бўлиб 14 марта иштирок этган бўлиб, уларнинг 11тасида бош совринни қўлга киритган. Уч марта мағлубиятга учраган. Сўнгги марта жамоа финални 1981 йилда «Ливерпуль»га қарши учрашувда бой берган;
— «Реал» бош совринни ҳимоя қилиш учун финалда иштирок этаётган бешинчи жамоа саналади. Бунгача тўрттала амалдаги ғолиб ҳам финалда имкониятни бой берган;
— Сўнгги марта (ЕЧЛ ва ЕЧКни қўшиб ҳисоблаганда) «Милан» кетма-кет икки марта (1989, 1990 йиллар) Европа клубларининг энг нуфузли мусобақасида ғалаба қозонган;

Йўқотишлар
Финалнинг яна аҳамиятли томони, унда икки жамоанинг деярли барча етакчилари ўйнай олиши бўлмоқда. Тўғри «Ювентус» таркибида майдонга туша олмайдиган футболчилар бор. Стураро белидан, Марко Пьяца тиззасидан олган жароҳати сабаб, майдонга туша олмайди. Руганининг ўйинда иштироки ҳам сўроқ остида қолмоқда. Бироқ агар футболчилар соғ бўлишганида ҳам финалда ҳаттоки захирадан майдонга тушишига ҳам ишонч йўғиди.

«Реал» таркибида эса бундай йўқотишлар финал кунига келиб қолмаган. Гарет Бэйл жароҳатидан тузалиб сафга қайтган. Унинг жисмоний ҳолати бу учрашувни дастлабки дақиқалардан бошлашга йўл қўймаслиги мумкин, холос. Варан ва Пепе ҳам майдонга тушишга шай бўлиб туришибди.

Тахминий таркиблар
Юқорида айтганимиздек «Ювентус» асосий таркибида ҳеч қандай йўқотишлар йўқ ва Европа майдонларида жамоага муваффақият келтирган таркиб учрашувда қатнашиши кутилмоқда. Аллегри кечувда отларни алмаштирмаса керак. «Реал»да эса Гарет Бэйлнинг жисмоний ҳолати инобатга олиниб, Иско ўйинни асосий таркибда бошлаши кутилмоқда. Аммо Зидан Кардифф финалида ягона мезбон Бэйлни захирадан бўлсада, майдонга туширишига ҳеч ким шубҳа қилмаётган бўлса керак.

«Ювентус»: Буффон, Барцальи, Бонуччи, Кьеллини, Алекс Сандро, Хедира, Пьянич, Дани Алвеш, Дибала, Манджукич, Ҳигуаин.
«Реал Мадрид»: Навас, Карвахал, Рамос, Варан, Марсело, Модрич, Каземиро, Кроос, Иско, Бензема, Роналду.