Европа иттифоқида Донбассдаги шаҳар инфратузилмасини тиклаш ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш учун 50 миллион евро ажратиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Украина Олий радаси матбуот хизмати қўшничилик ва кенгайиш музокаралари бўйича еврокомиссар Йоханнес Ханга асосан хабар берди. У Донецк вилоятига ташриф буюрганди.

«Европа иттифоқи комиссари Йоханнес Хан Мариуполдаги шаҳар инфратузилмасининг тикланишига ижобий баҳо берди ва бугунги кунда Европа иттифоқида Украинага гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда шаҳар инфратузилмасини тиклаш учун қўшимча 50 млн евро ажратиш ҳақидаги масала кўриб чиқилаётганини хабар қилди», - дейилади Рада сайтида.