Американинг General Motors автомобилсозлик компанияси Венесуэладаги ишлаб чиқаришини тўхтатишга қарор қилди. Ушбу Лотин Америкаси мамлакати ҳукуматининг корхонани ҳибсга олиб, мол-мулкини мусодара қилганидан сўнг, шундай тўхтамга келинди. Бу ҳақда GM компаниясининг баёнотида маълум қилинган.

Компаниянинг қайд этишича, Венесуэла Олий суди General Motors компанияси томонидан тақдим этилган мурожаатни эътиборсиз қолдирганидан Венесуэла ҳукуматининг "ҳимоя учун қонуний ҳуқуқ"қа нисбатан "ҳурматсизлик қилиши аён бўлган". Шунга кўра, компания "69 йил мобайнида иш ўринларини ташкил этиш, миллий иқтисодиётнинг барча соҳалари, шунингдек, венесуэлаликларнинг мобиллигини таъминлашда муҳим ҳисса қўшганидан сўнг, мамлакатни тарк этишга қарор қилди".

Компаниянинг қайд этишича, у Венесуэла ва унинг ташқарисида, мазкур Лотин Америкаси мамлакатида ишлаб чиқаришни тўхтатиш сабабли етказилган зарарни қоплаш учун барча ҳуқуқий чораларни кўради. 

Аввалроқ, корпорациянинг молиявий департаменти вакили Том Ҳендерсоннинг ТАСС агентлигига маълум қилишича, Венесуэладаги заводнинг тўхташидан кўриладиган зарар "100 млн долларни ташкил этииши мумкин".

Апрель ойида General Motors унинг Венесуэладаги корхонаси ҳибсга олингани ва мол-мулки мусодара қилингани ҳақида хабар қилган эди. Мамлакат шимолида жойлашган Валенсия шаҳрида фаолият юритган корхонада 2,6 мингдан ортиқ киши ишлаб, 79та дилерлик пунктларига маҳсулотлар етказиб берилган. Айтиш жоизки, завод 2015 йилдаёқ автомобиллар йиғишни тўхтатган, фақат эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқараётган эди. Юқоридаги ҳолат бўйича GM Венесуэла Олий судига мурожаат қилди, бироқ у рад этилди.