Латвияда 3 июнь куни НАТОнинг Saber Strike номли халқаро машғулотлари бошланмоқда. Машғулотлар 15 июнгача давом этади ва унда 8 та давлатдан 2 мингдан кўпроқ ҳарбий иштирок этади.

АҚШнинг Европадаги кучлари қўмондонлиги остидаги қуруқликдаги ва ҳаводаги ушбу қўшма машғулотлар ҳар йили ўтказилади. Жорий йилда унда Латвия, Литва, Италия, Норвегия, Буюк Британия, Польша, Словакия ва АҚШ ҳарбийлари иштирок этади.

Латвия мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, машғулотлардан мақсад минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни такомиллаштириш, НАТОга аъзо давлатлар қуролли кучлари ўртасида ҳамкорликни яхшилаш ва ҳамкорларнинг самарадорлигини мустаҳкамлашдан иборат.   

НАТО Болтиқ давлатлари ҳудудида мунтазам равишда ҳарбий машғулотлар ўтказиб келади. Альянснинг сайтида чоп этилган режасига кўра, 2017 йилда Болтиқ давлатларида камида 16 та миллий ва халқаро машғулотлар бўлиб ўтади.

НАТОнинг Латвиядаги охирги машғулотлари жорий йилнинг 17-30 апрель кунлари бўлиб ўтганди. Summer Shield XIV номли бу машғулотларда Латвия, АҚШ, Болгария, Эстония, Канада, Литва, Буюк Британия, Люксембург, Руминия, Словакия, Германия ва Швециядан 1,2 мингдан кўпроқ ҳарбий иштирок этганди.