Андижон шаҳрида бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда давлат раҳбари Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш, хизматлар кўрсатиш ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришда тадбиркорларнинг ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Кун.uz мухбири хабар бермоқда.

Унга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари янги иш ўринлари яратиб, аҳоли турмуш фаровонлигини ошираётган, иқтисодиёт локомотиви бўлган тадбиркорларни ҳурмат-иззатини жойига қўйиши лозим.

Президент жумладан шундай деган:

“Тадбиркорни “сиз” демаган прокурорни ўз ишига нолойиқ деб биламан. Ҳар ҳафтада вилоят, туман ва шаҳар прокурорлари тадбиркорлар билан учрашиб, улар дардини тингласин. Улар фаолиятида учраётган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўрсин. Негаки, биттагина иш ўрнини яратган тадбиркор жамият учун керакли одамдир”.

Бундан ташқари, прокурорлар кўрсатилган коммунал хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ундирилишига ҳам жавобгардирлар.

Аввалроқ, Андижон вилояти фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари вилоятнинг Хонобод шаҳрини яна ривожлантириш юзасидан ҳукумат қарори қабул қилиниши лозимлиги ҳақида гапиргани маълум қилинганди.