Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи доирасида вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, одамларни турли диний оқимлар таъсиридан асраш тўғрисида ўз фикрини билдириб ўтди. Президентнинг йиғилишда сўзлаган нутқи «Ахборот» информацион дастурида олиб кўрсатилди.

«Биз, умуман, кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқаяпмиз. Исломни ўргатиш, ўрганишни тарғиб қилаяпмиз. Ислом — нурли ҳаёт, дегани. Исломни рўкач қилиб, террорчи бўлиш, бошқа оқимларга кириш андижонликларга ҳам, ўзбекистонликларга ҳам ярашмайди.

Шунинг учун биз — мана, муфтий ҳазратлари ўтирибди, бизнинг вакиллар ўтирибди —уларни ўтган гал Шойхонтоҳур туманида мажлисга чақириб, 24 та маҳалла имом хатибларини таклиф қилдим. Тўғри тушунсин. Ҳозир вақт келди. Бошқа оқимга кирса, менинг болам эмас, қўшнининг боласи, бошқа туманннинг боласи деймиз. Ёки бошқа вилоят боласи, деймиз. У Ўзбекистон фуқароси-ку?!

Бугун Андижон дин пешволарига қаттиқ савол қўймоқчиман. Агар бешта маҳаллада 20–30 нафар киши (диний йўлда — таҳ.) адашган  бўлса, мисол учун, ҳисоб-китоби бор. Йигирматадан бештаси ашаддий, улар қайтмайди. Улар билан шуғулланиш керак эмас, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариш керак. Бизга керак эмас. Мен (уларни фуқароликдан) чиқаришга тайёрман.

Энди оқни оқ, қорани қора, дейдиган вақт келди. Кимгадир ёқмаса, ким агар иккита стулда ўтираман деса, унақа мулла бизга керак эмас. Давлат — давлатчилигини қилади. Қонун устуворлигини таъминлашга, Худога шукур, менинг қурбим ҳам, билимим ҳам, имкониятим ҳам етади.

Мурожаат қилмоқчиман: ҳар бир одамнинг юрагида, виждонида эътиқоди бўлиши керак. Агар эътиқодига муносиб бўлиб Ватанига хизмат қилса, у ватанпарвар бўлади. Агар у эътиқодсиз бўлиб, чаласавод бўлиб, хиёнат қилиб, иккита стулда ўтирса, у давлат кетиб, бу давлат келса, «акромийлар» келса, уларнинг найрангига ўйнайман деса, унақалар менга ўтмайди. 

Агар эртанги кунда тинчлик керак бўлса, ўша ашаддийсини Ўзбекистон фуқаролигидан чиқаришга менга таклиф беради, адашганларни илми билан, билими билан, эътиқоди билан, ҳаётдаги намунаси билан бу кўчага ўтказилади. Ё айтади: “Ўртоқ туман ҳокими, бунга жой бер, ер бер, ҳовли бер. Ўзи асли ажабтовур одам экан, сенинг ноинсофлигинг учун, адолатсизлигинг учун шундай бўлиб юрибди”. 

Уям тўғри. Биздаям хато бор. Ижро органларидаям хато бор. Иккинчидан, мен охирги марта Шайхонтоҳур туманидаги гапимни эшитган бўлсанглар, битта адашганнинг бешта қариндоши бор. Биз ўша бешта қариндошиниям ашаддий душман қилиб қўйганмиз: тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз. У фалончининг акаси, ўғли деб айтамиз. «Чақирма уни», дейди. Уларда нима айб? Уларда нима айб?! 

Уни (адашган инсонни) дўст қилишимиз керак, уни чақиришимиз керак. Уни маърифатга чақиришимиз керак. Зора у нарёғда юрганга таъсир қила олса. Ана шуни кўндаланг қўядиган соати келди».