Сурия кимёвий қуролга ва уни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган материалларга эга эмас. Бу ҳақда Сурия президенти Башар Асад Ҳиндистоннинг WION телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. Интервью матнини Суриянинг SANA ахборот агентлиги чоп этди.

Асаднинг айтишича, 4 апрелдаги Хан-Шайхундаги кимёвий ҳужум "АҚШ ва ғарб давлатлари махсус хизматлари томондан террорчилар билан биргаликда саҳналаштирилган". "Бу Сурия давлати ва унинг президентини ёмонотлиқ қилиш учун амалга оширилган", деб таъкидлаб ўтди Асад. 

Асад Сурия ихтилофидаги энг ёмон даврлар ортда қолганига ишонч билдирди. Унинг айтишича, мамлакат фронтларидаги вазият аввалги йилларга нисбатан анча яхшиланган. "Ғарб ва унинг минтақадаги шериклари жиноий тўдаларга ёрдам беришни давом эттираётганига қарамасдан, энг ёмон даврлар ортда қолди", деб айтди Асад.

Асад "ИШИД" ва "Жибҳат ан-Нусра" террорчилик гуруҳлари чекинаётгани, улар назорат қилаётган ҳудуд камаётганини таъкидлаб ўтди. 

Асад Суриядаги вазият учун жавобгарликни Ғарб давлатлари, Саудия Арабистони, Қатар ва Туркия зиммасига юклади. "Бироқ улар бунга АҚШнинг рухсатисиз ботина олмасдилар", деб қўшимча қилди Сурия президенти. 

Сурия президенти жанговар ҳаракатлардан ҳоли ҳудудларнинг яратилиши ижобий ривожланиш эканлигини, бироқ бу ҳали ихтилофнинг сиёсий ечими эмаслигини айтди.

"Биз 2014 йилда Женевадаги музокараларга улар сермаҳсул бўлиши ва реал сиёсий ечимга олиб келиши умидида қўшилгандик, бироқ ҳанузгача бу юз бермади. Остонада, аксинча, қисман қандайдир натижаларга эришилди, бу эса жанговар ҳаракатлардан ҳоли ҳудудларнинг яратилишида ўз аксини топди, бироқ бу ихтилофнинг барча жиҳатларини ҳисобга олувчи сиёсий ечим эмас", деб айтди Асад.

Асаднинг сўзларича, Сурия ичида ҳукумат бир қатор ҳудудларда маҳаллий ярашувга эришиш мақсадида жиноий тўдалар билан ҳамкорлик қила бошлади. "Биз уларга амнистия эвазига қуролдан воз кечишни таклиф қилдик ва бунда муваффақиятга эришдик. Бу Сурияда самарали йўл бўлди", деб қўшимча қилди Асад.