Италиянинг Турин шаҳрида Чемпионлар лигаси финали вақтида мингдан ортиқ киши жабрланди. AFP агентлиги хабарига кўра, фанатлар зонасида бир неча петарда отилгач, тартибсизлик юзага келган.

«Ювентус» ва «Реал» учрашувини томоша қилиш учу Сан-Карло майдонида 20 минг киши тўпланганди. Учинчи голдан кейин томошабинлардан бири петарда портлатган, бошқалар эса буни бомба деб ўйлашган ва тиқилинч юзага келган.

Бошқа бир манба маълумотига кўра, одамларни дарвозанинг қулаши қўрқитиб юборган.

Дастлабки хабарларда жабрланувчилар сони 200 нафар атрофида экани айтилганди.

Айни вақтга келиб, 1000дан ортиқ киши тиқилинч вақтида жароҳатлангани, ўнлаб кишилар оғир аҳволда экани, улар орасида бир бола ҳам борлиги айтилмоқда.

«Одамлар аралашиб кетди, икки бола ота-онасидан узилиб қолди. Бу бомба эмас экан, лекин шу овоз туфайли хаос бошланганди», дейди гувоҳлардан бири.