«GM» машиналарининг сўмга ўгирилган янги нархлари эълон қилинди. Албатта, нархлар осмонлаб кетган. Бир қарашда унча-мунча бойнинг ҳам тарвузи қўлтиғидан тушадиган даражада қиммат. Аммо Санжар Саид таъкидлаганидек, шов-шувни чиндан ҳам камбағаллар кўтаряпти. Афсуски, камбағаллар ҳамиша кўпчиликни ташкил этган.

Аслида, ҳеч нарса ўзгармаган. «Гоҳи шодлик, гоҳи ғам» деган ҳинд киносида баджаҳл ота қиёфасини акс эттирган Амитабҳ Баччан ўгай ўғли ролини ўйнаган Шоҳрух Хонга айтади-ку: «Ҳеч нарса ўзгармаган!..» 

Муҳими, президент қарорининг ижроси таъминланган. Лекин сих ҳам куймаган, кабоб ҳам. Президент айтганини компания раҳбарлари, расмий ва норасмий фойдахўрлари қойилмақом даражада бажаришди — на у томон эътироз билдиради, на бу томон хафа бўлади. Фақат халққа жабр бўлди, холос. Оддий халққа, пули йўқ халққа — бойга эмас. Чунки унинг ҳатто уч ёш боласида ҳам аллақачон машина (боғчага олиб борадиган, памперс ташийдиган) бор. 

Бир томондан, GM тўғри ҳам қилган: машина қанча кам сотилса, шунча яхши — ўзи мошина шундоқ ҳам кўпайиб кетди, йўллар қолмаяпти — қаёққа қарама машина, машина, машина. 

Экология бузилиб кетяпти, одамлар икки юз қадамлик магазинга ҳам машинада боришга ўрганиб олган — ўлгудек дангаса. Яна чала ҳайдовчи-ю, тирбандликлар, ДАН ходимларининг асабий ҳуштакбозлиги, бензину метаннинг танқислиги, қимматлаши, эҳтиёт қисмларнинг қимматлиги, «шапка»лар ва ҳоказо... 

Қисқаси, компаниянинг мегасупердаҳо ҳисобчилари буларнинг баридан яхши хабардор. Улар узоқ ўйлаб ўтирмай, дарҳол «қарор ижросими, бўлди, есть қиламиз», деган ва АҚШ доллари курсини давлат белгилаган 3850 сўмда эмас, балки «қора бозор» лидерлари белгилаган курс 8500 сўмнинг 10.000 сўмдан ҳам ошишини кўзлаб, ҳисоблаб чиқишган. 

Боиси — эркин конвертация йўқ, аммо барча машиналар сўмда сотилгач, барибир сўмни кўчага чиқиб, доллар қилиб олиш керак-ку?! Сўм оддий халқдан бошқасига, айниқса, бизнесменларга керакмас. Ҳам молиявий, ҳам маънавий инфляцияга юз тутган бечора валюта... Банкка бориб, доллар конвертациясидан гап кетса, мутасаддиларнинг юзи ачиган қатиқ ичгандек бужмайиб кетади: «Ўзимизнинг берадиганларимиз бор, сенга пошёл...», дея олмайди, холос.

Мана, ҳисоблаб кўринг, 0,8 литр мотор ҳажмидаги «Матиз» М русумли машинанинг янги нархи миллий валютамизда 38.886.547 сўм қилиб кўрсатилган. Бунинг 1 июнь ҳолатига давлат курсидаги хорижий валютадаги эквиваленти эса 10.110 АҚШ долларига тенг. Хўш, бу 10 минги қаердан пайдо бўлди, деган савол туғилгандир. Мегасупердаҳо ҳисобчилар мавжуд нархни долларнинг «қора бозор»даги курси 10.500 сўмдан ошишини тахминлаб, 1 июнгача худди шу машина учун АҚШ долларида топшириладиган суммага кўпайтиришган-қўйишган. Нархлар роппа-роса 2,8 баробар оширилган. 

Эслатиб ўтамиз, 1 июнгача машинанинг нархи 3.604 доллар бўлган. 10110 ни 3604 га бўлсак 2,8 келиб чиқади.

38.886.547 : 3846,33 сўм = 10.110 доллар.

Энди, бунинг ҳақиқий ҳисобини келтирамиз: 38.886.547 : 8500 сўм = 4575 доллар.

GM-Uzbekistan линейкасида чиқарилаётган энг арзон машина «Матиз» М’нинг ҳақиқий нархи 3604 доллардан 4575 долларга етган. У бор-йўғи 901 долларга, 27 фоизга ошган, холос. Нега шу ҳолатда нарх 3604 долларнинг қора бозордаги курси — 8500 сўмга кўпайтирилиб, 30 млн 600 минг қилиб белгилаб қўйилмагани тушунарсизроқ. 

Қизиқ ҳолат, илгари долларнинг давлат курси ошишига қараб «Матиз М» нархи ҳафтама-ҳафта пасайиб борган бўлса, энди ҳафтама-ҳафта ошиб бораверади.

Сўмга сотиб келинган машиналарнинг нархи ҳам шу тарзда кўтарилган. Энг катта ўсиш «Спарк»нинг 4-позициясида рўй берган. Унинг сўмдаги нархига деярли бир баробар қўшилган.

Агар «қора бозор» йўқ қилиниб, давлат курси ҳар жойда устувор бўлса, 10.100 долларни топиш қийин бўлмасди. Яъни, 10.100 доллар 3846,33 сўмдан алмаштирилса, 38.886.547 сўм атрофида бўлади. Бу суммани ўртача 2–3 йилда ишлаб топиш мумкиндек, бироқ давлат курси ҳам ҳафтасига ошиб бормоқда, бинобарин, энди мошинлар ҳам ҳар ҳафта қимматлайди. Маошлар эса — бу қадар тез ошмайди. 

Аслида, энди хориж валютасининг бизга қизиғи йўқ, чунки долларингизни «қора бозор»да 8500–9000 минг сўмдан «майдалатволиб», мошинни сўмга сотиб олаверасиз. «Бахт»имизга «қора бозор» бор бўлсин! Энди, уни «қора» эмас, «оқ» деб айтсак ҳам бўлаверади.

Зоҳид Холов