Янги компьютер вируси Fireball фойдаланувчиларнинг браузерини бошқариб, улардаги бош саҳифаларни ва қидирув тизимларини сохта жосус қидирув тизимлари билан алмаштиришга қодир. Шундан кейин фойдаланувчининг трафиги кузатила ва хакерларга фойдаланувчи ҳақидаги шахсий маълумотлар узатила бошланади, деб хабар бермоқда The hacker news.

Киберхавфсизлик соҳасидаги мутахассислар хитойлик дастурчилар ушбу вирусни интернет-рекламадан олинадиган даромадни ошириш учун яратишганини айтишмоқда. 

Таъкидланишича, янги вирус бутун дунё бўйлаб камида 250 млн компьютерни зарарлаган.

Энг кўп миқдорда компьютерлар Ҳиндистонда зарарланган – 25,3 млн та. Бу эса мамлакатдаги барча компьютерларнинг 10 фоизини ташкил қилади. 

Ҳиндистондан кейин вирусдан энг кўп зарар кўрган давлатлар кетма-кетлиги қуйидагича кўриниш олган: Бразилия - 24,1 млн компьютер  (мамлакатдаги компьютерларнинг 9,6 фоизи), Мексика - 16,1 млн компьютер (6,4 фоиз), Индонезия – 13,1 млн компьютер (5,2 фоиз), АҚШ - 5,5 млн компьютер (2,2 фоиз).