2016 йилнинг январидан буён «Реал»ни бошқариб келаётган Зинедин Зидан мураббий сифатида жамоа учун барча ишни қилди ва у билан шартномани узайтириш борасида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Мадридликлар жамоаси президенти Флорентино Перес шундай деган.

«Реал» шанба оқшомида Кардиффда ўтказилган «Ювентус»га қарши ЕЧЛ финалида 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Зидан ва жамоа турнир қайта номланган 1991 йилдан буён Европадаги бош кубокка қаторасига икки мавсумда эга чиққан илк клубга айланди.

Бундан ташқари, «Реал» якунланган мавсумда Испания чемпиони бўлганди.

«Зидан - «мадридисталар» миннатдор бўлиши мумкин бўлган барча ишларни қилди. У 17 ой ичида ҳеч ким қила олмаган ишларни уддалади. У «Реал»да қолишига ишончи комил эмаслигини айтганмиди? У босим остида бўлмаслик учун шундай деган. У ҳали ҳеч нарса ютмаганини ҳам айтганди, мана ютди. Биз Зизу билан шартнома бўйича гаплашамиз, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Менга қолса, уни абадийга жамоада қолдирардим», - дея Переснинг сўзларини келтирган Football Espana.

Зиданнинг «Реал» билан амалдаги шартномаси 2018 йил ёзига қадар тузилган.