2017 йилнинг 4 июнь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Бош вазири Тереза Мейга Лондон шаҳридаги террорчилик ҳужуми оқибатида инсонларнинг қурбон бўлгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор этди.

«Биз ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайдиган бундай ғайриинсоний ва шафқатсиз ҳаракатни қаттиқ қоралаймиз ҳамда халқаро ҳамжамият билан биргаликда мазкур жиддий таҳдидга қарши муросасиз курашни давом эттиришга тайёрмиз», - дейилган Ўзбекистон президентининг ҳамдардлик мактубида.

Давлат раҳбари «ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик ва далда сўзларини етказиб қўйишни сўради ҳамда жароҳат олганларга тез фурсатларда соғайиб кетишларини тилади».

4 июнга ўтар кечаси Лондон кўпригида автофургон пиёдалар устига юриши, кейин унинг ичидаги шахслар чиқиб, одамларга пичоқ билан ҳамла қилиши оқибатида 7 киши ҳалок бўлиб, 48 киши жароҳатланди. Британия ҳукумати ҳодисани теракт деб атади.