АҚШнинг SpaceX компанияси Халқаро коинот станцияси учун мўлжалланган юк ортилган Dragon коинот кемасини белгиланган орбитага муваффақиятли олиб чиқди. Юк кемани орбитага олиб чиққан Falcon 9 ракета-ташувчиси Флорида штатидаги Канаверал бурнидаги космодромдан маҳаллий вақт билан 3 июнь соат 17:08да (Тошкент вақти билан 4 июнь соат 02:08) учирилди.  

Канаверал бурнидаги об-ҳаво ракетани учириш учун 60 фоизга қулай бўлди. Об-ҳаво мутахассисларида фақат булутлилик хавотир уйғотди. Дастлаб ракета 1 июнда учирилиши керак эди, бироқ ноқулай об-ҳаво шароитлари ва чақмоқлар туфайли парвоз қолдирилганди. 

SpaceX ракетанинг пастки поғонасининг ажралишини, юқори поғонасининг Dragon кемасидан ажралишини, кеманинг орбитага олиб чиқилиши ва қуёш батареялари панеллари очилганини тасдиқлаган. Юк кема 5 июнь куни ХКС билан АҚШнинг Шарқий соҳили вақти бўйича соат 10:00да (Тошкент вақти билан 19:00да) туташиши керак.

Компания навбатдаги марта Ерга ракетанинг қуйи поғонасини қайтаришга муваффақ бўлди. Қуйи поғона Канаверал бурнидаги платформага қўндирилди.  

Эътиборлиси, америкаликлар 2014 йилда ХКСга юк етказишда қўлланган Dragon кемасини такроран қўллашди. Hawthorne компанияси кеманинг термоҳимояловчи қобиғи ва бир қатор қисмларини алмаштирди. Шу билан бирга кеманинг шлюзи ва кичик тортиш кучига эга двигателларини сақлаб қолишга муваффақ бўлинган. 

АҚШ кемаси ХКСга 3 тонна юк: озиқ-овқат, 250 дан кўпроқ илмий тажрибаларни ўтказиш учун мўлжалланган материалларни олиб кетмоқда.