Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй якшанба куни мамлакатдаги сўнгги терактлар бир-бирига боғлиқ эмаслиги, бироқ уларни бир мафкура боғлаб тургани ҳақида маълум қилди. "Интерфакс" шу ҳақида хабар берди

"Сўнгги ҳужумлар бир тармоқ билан боғлиқ бўлмаса-да, бир муҳим жиҳатдан боғланган. Уларни ислом экстремизмининг ёвуз мафкураси бирлаштиради", - деди у. 

Унинг сўзларига кўра, бу мафкура эркинлик ва инсон ҳуқуқи каби ғарбий қадриятларни тан олмайди. "Бу мафкура ислом ва ҳақиқатни бузиб кўрсатади", - дея таъкидлади бош вазир.

Мэй бундай мафкуралар устидан ғолиб бўлишни "замонамизнинг энг муҳим вазифаларидан бири" деб атади, бироқ фақат ҳарбийлар ва аксилтеррор амалиётлар билан уларни мағлуб қилиб бўлмаслигини қўшимча қилди. 

Бундан ташқари, Мэй сўнгги терактларга қарамай, Буюк Британиядаги парламент сайловлари режалаштирилганидек 8 июнда бўлиб ўтишини маълум қилди. "Ҳеч қачон зўравонлик демократик жараёнларни тўхтатиб қўйишига йўл қўймаслик керак", - деди у.

Шанба куни кечқурун номаълум кимсалар юк машинасида катта тезликда Лондон кўпригида йўловчиларни босиб кетишган. Шундан сўнг улар яқин орадаги Боро бозорига бориб, автомобилдан чиқиб, овчи пичоқлар билан йўловчиларга ҳужум қилишган. Полиция мазкур воқеани расман теракт деб тан олди. Лондоннинг тероризмга қарши кураш бўлими раҳбари Марк Роулининг айтишича, ҳужумчилар 3 нафар бўлган ва уларнинг бари йўқ қилинган. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт қурбонлари сони 7 нафарни ташкил қилган, 50 га яқин киши жароҳат олган.