"Аэрофлот" авиакомпанияси ўзининг ижтимоий тармоқлардаги расмий аккаунтларида тармоқда ўйналаётган гўёки бепул чипталар тарқатилишига доир танловга алоқаси йўқлигини маълум қилди. Авиакомпания вакиллари фуқароларни огоҳ бўлишга ва фирибгарларга шахсий маълумотларни ишониб топшириб қўймасликка чақиришди.

3 июнь куни ижтимоий тармоқларда Россия авиаташувчиси ўтказаётган фейк танлов ҳақидаги маълумот тарқала бошлади. "Аэрофолот"га манзили ўхшаш, компания логотипи қўйилган сайтларга фойдаланувчилар хабарлари ҳаволаси киритилди, шунингдек қисқа эълон ҳам қўшимча қилинди.

Эълонда фойдаланувчи "Аэрофлот"дан икки бепул чиптани қўлга киритгани қайд этилганди. Сайтга кириш санасидан қатъи назар, уларнинг сони 332 ни ташкил қилаверган.

Қисқа сўровномадан кейин сайт фойдаланувчи чипталарни ютиб олгани ва гўёки онлайн режимда Facebook'нинг миннатдор фойдаланувчилари изоҳларини кўрсатган. Уларнинг ҳаволалари нофаол.

Мазмун ва моҳиятига кўра ўхшаш танловлар Emirates ва KLM авиакомпаниялари номидан ҳам тарқатилганди. Сайтга кирганларнинг бирортаси чипталарни олмаган.

"Аэрофлот" ўз баёнотида ушбу фирибгарликка ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.

"Бизга сизнинг ишончингиз муҳим, шу боис ёдингизда бўлсин, жорий акцияларга доир долзарб ва ишончли маълумотлар ҳақида фақат бизнинг www.aeroflot.ru сайтимизда ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларимизда жойлаштирилади. Огоҳ бўлинг ва бизнинг компаниямиз номидан бошқа ресурслар орқали эълон қилинган шубҳали акцияларда иштирок этманг".

"Аэрофлот" авиакомпанияси

Group-IB компаниясининг хусусий мижозлар билан ишлаш бўйича директори Руслан Юсуфов фейк танловлар масаласида ўз саҳифасида изоҳ берди.

Унинг фикрича, бу сайтлардаги ўйланмаган кликлар фойдаланувчи компьютерига зарар етказишга уринишлар билан якун топади, авторизация қилинган аккаунт ҳақидаги маълумот эса реклама агентликларига сотилади.

"Компьютерингизга зарар етказилиб, сизнинг аккаунтингиз авторизация қилингач, сиз реклама кўриб, дўстларингизни таклиф қилиб, репост қиласиз ва "Афсуски, сиз ғолиб бўла олмадингиз. Кейинги сафар омадингизни синаб кўринг" мазмунидаги хабарни оласиз. Бироқ сизнинг соддалигингиз туфайли бу тизим ортидаги кишилар жекпотга эга бўлишади.

Руслан Юсуфов, хусусий мижозлар билан ишлаш бўлими директори

Юсуфов фойдаланувчиларни "киберхавфсизликка бўлган муносабатни ўзгартириш"га чақирди.