Австралиялик жуфтлик Франциядаги тарихий саройни тикламоқда

Lifestyle 05 Июнь 2017 9137

Австралиянинг Пертида яшовчи Карина ва Крейг Уотерслар икки фарзанди мактабни тугаллаганидан кейин Францияга кўп саёҳат қила бошлашди ва охир-оқибат бу мамлакатда шахсий кўчмас мулк харид қилиш ҳақида ўйлаб қолишди. Навбатдаги саёҳатдан бир неча кун олдин улар интернетда 1741 йилги сарой сотувига доир эълонга дуч келишди ва бориб, шу уйни кўришга қарор қилишди. TJ шу мавзудаги мақоласи билан бўлишди. 

Каринанинг сўзларига кўра, у уйни илк марта кўрганида ўзини Жейн Остин романларининг бирида юргандек ҳис қилган. Жуфтлик фақат биринчи қаватдаги тўрт хонани кўришга муваффақ бўлган, қолган 90 хона кўришга яроқли бўлмаган. 

Уй қачонлардир "Пирнейлар қироли" номини олган Луи Гаспар де Салга тегишли бўлган, бироқ 300 йил ўтиб, бино капитал реставрацияга муҳтож бўлган. Деворлар, тўсиқлар ҳамда баъзи устунларга зиён етган ва зах тортган, уй ичида ва унинг томида дарахтлар ўсган, бинода на электр энергияси ва на сув қувури бўлмаган. 

Шундай бўлса-да, жуфтлик шу эски уйга "тушунтириб бўлмас яқинлик"ни ҳис қилган ва икки йиллик музокаралардан сўнг, 2013 йилда уни 280 минг фунтга сотиб олган. 

Ҳатто энг кичик таъмирлаш ишларини ҳам мутахассислар билан мувофиқлаштиришга тўғри келмоқда, чунки бино тарихий ёдгорлик ҳисобланади. Қурувчилар таъмирлов ишлари жараёнида кутилмаган топилмаларга дуч келишмоқда - жағ суяги фрагменти ёки қишлоққа олиб чиқувчи туннелнинг бир қисми бўлиши мумкин бўлган ерости йўллари ва бошқалар.

Уотерслар оиласи саройни музейга айлантирмоқчи эмас, улар "дам олиш, хотиржам муҳитда эркин нафас олиш" мумкин бўлган маскан барпо қилишмоқчи. Шу билан бирга бино 2017 йилда меҳмонхона сифатида очилиши ҳам мумкин, бир йил ўтиб эса, жуфтлик уйнинг реставрацияси ҳақида китоб чиқармоқчи. 

Уйни таъмирлаш ишлари билан асосан Карина шуғулланмоқда, чунки Крейг Пертда ишлайди, уларнинг фарзандлари ҳам ўша ерда таълим олишни давом эттиришмоқда. Аёл турли ижтимоий тармоқларда аккаунт очиб, юзлаб фолловерларга таъмирлаш ишларининг қандай бораётгани ва "жонланаётган" уйда ўтаётган кунлар ҳақида сўзлаб беради. 

Кўпроқ янгиликлар