Марказий банкда Европа Инвестиция Банки (ЕИБ) делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари, шу жумладан кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаш учун тижорат банкларига кредит линиялари очиш масалалари муҳокама этилди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати хабар берди.

Делегацияга ЕИБ вице-президенти Васил Худак раҳбарлик қилган.

Ўзбекистон муқобил, қайта тикланувчи энергия манбаларини барпо этиш, энергия самарадорлигини ошириш ва технологиялар трансфери учун ЕИБнинг маблағларидан фойдаланишдан манфаатдор. Чунки ҳозирги пайтда ёқилғи-энергетика комплекси, энергия тежамкорлигини жорий этиш соҳаларида ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари очилмоқда. Банк, шунингдек, янги технологияларни жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг саноат соҳаси рақобатбардошлигини кучайтириш ва қўллаб-қувватлаш, мамлакат инфратузилмасини ва бошқа соҳаларни юқори кўтаришда тўплаган бой тажрибаларини баҳам кўрмоқчи.

Банк шу йилнинг июль ойида ҳукумат билан Ўзбекистон ва ЕИБ ўртасида банкнинг мамлакатдаги фаолиятини белгилаб берувчи битим тузишни мўлжалламоқда.

Музокаралар жараёнида Ўзбекистон ва ЕИБнинг инвестиция салоҳияти ва ҳамкорлик йўналишлари муҳокама этилди.