Гумонланувчи фойдаси учун кўрсатмалар. Жасурбек Иброҳимов иши бўйича навбатдаги тафсилотлар

Жамият 05 Июнь 2017 142286

Боровский номидаги Тошкент шаҳар тиббиёт коллежининг 17 ёшли талабаси Жасурбек Иброҳимов шу коллеж талабалари дўппослагани оқибатида вафот этгани воқеаси ҳафтанинг долзарб мавзусига айланди. Тошкентликлар ушбу ҳодисага катта эътибор қаратишмоқда.

3 июнь куни бу хабар интернет нашрларида тарқалгач, сhange.org сайтида Жасурбек Иброҳимовни ўласи қилиб калтаклаганларни жазолаш сўралган петиция пайдо бўлди. Уни имзолаганлар сони айни вақтга келиб 16 минг нафардан ошди.

4 июнь куни Тошкент шаҳридаги Дўстлик (собиқ Бобур) боғи ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири номига йўлланган, айбдорларни жазолаш талаб этилган петицияни юзлаб кишилар имзолашди.

Куннинг иккинчи ярмида эса Миробод туман ИИБда Жасурбек Маҳамаджон ўғли Иброҳимов оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этганлиги ҳолати юзасидан ички ишлар вакиллари, жиноятда гумонланувчи Ислом Тўлагановнинг ота-онаси, адвокатлар ва ОАВ иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

ИИББнинг расмий сайтида маълум қилинишича, мазкур учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан: Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари адлия кичик маслаҳатчиси Ф. Х. Абдураҳимов, Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи адлия катта маслаҳатчиси Б. Б. Махситов, Миробод тумани прокурори адлия маслаҳатчиси А. Г. Охунов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари полковник Д. Б. Тошхўжаев ва Тошкент шаҳар ИИББ бошқарма бошлиғи полковник А. Ш. Умархонов иштирок этган.

Учрашувда ОАВ вакилларининг ҳолат юзасидан олиб борилаётган тергов-суриштирув ишлари билан боғлиқ барча саволларига жавоблар берилган.

Хусусан, учрашувда дастлабки тергов давомида мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари, таълим муассасасининг ўқитувчи-педагоглари ва тиббиёт ходимларининг хатти-ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Бундан ташқари, ушбу учрашувда мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчи И. А. Тўлагановнинг ота-онаси ҳам иштирок этиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтаришган.

Ислом Тўлагановнинг отасининг кўрсатмаси

Гумонланувчининг отаси, 1998 йилдан буён адвокат бўлиб ишлаган, ҳозирда пенсияга чиққан Абдужалил Расулов ўзининг ҳодисага алоқадорлигини инкор этмайди. Аммо у аввалроқ берилган версияларни ҳам, яъни ўғли ва бошқа болалар гуруҳи Иброҳимовни калтаклаганини инкор этади. Интернетда унинг кўрсатмаларидан скриншотлар тарқалган.

Унинг ўғли Исломбек Тўлаганов эса Жасур билан фақат бир ўзи муштлашганини айтмоқда. 

«Биз жуда қайғудамиз. Мен бу вазиятда ўғлимни айбсиз дея олмайман», — деган Расулов.

Отанинг сўзларига кўра, йигитлар ўртасидаги келишмовчилик коллеж ҳудудида рўй берган. Жасур ва Ислом ўртасидаги можарога Ислом Жасур ҳақида «мияси операция қилинган касал» сўзларини ишлатгани сабаб бўлган. 

«Мен 2 май куни ўғлим Исломбекни ўқишига олиб бордим. Дарс соат 13:30да бошланиши керак эди. Бу вақтдан ярим соат олдин коллежга етиб бордик. Борганимизда Жасурбек бошқа бир коллеждоши Дилшод Абдуллаев билан нима ҳақдадир гаплашиб турган эди. Билдимки, Жасурбек Дилшоднинг синглисига гап отган. Ислом эса уларнинг ўртасига тушди ва деди: «Дилшод ака, керак эмас, Жасурнинг жароҳати бор, у касал, бошидан жароҳатланган», — деди. Шундан сўнг Дилшод кетди», деган Расулов.

Шундан кейин, кўрсатмага кўра ўзини ҳақоратланган сезган Жасур кейинги кунда Исломни урган. Гўёки, Жасур курсдошлари Бекзод ва Тимур билан бирга чиқинди ташланадиган жой олдида ҳожатхонадан қайтаётган Ислом билан тўқнашган.

«Улар ўғлимни 4 қаватли бино олдига чақиришган ва у ерда Жасурбек унга деган: «Сен кеча нега Дилшодга мени касал ва бошида жароҳати бор дединг?» Билишимча, 2015 йилда у операция қилинганди. Ўғлим унинг фойдаси учун шундай деганини айтган ва истаса, узр сўрашини билдирган. У яна бир марта узр сўрамоқчи бўлганида юзига мушт келиб тушган. Исломбек деган: «Кўнглинг тўлдими?» ва ўқув корпусининг бошқа томонига йўналган».

Расуловнинг сўзларига кўра, Жасур Ислом билан дарсдан кейин муштлашмоқчи бўлган. Учинчи курс талабаси Тимур Жасурни бундан қайтаришга уринган, аммо бу бефойда бўлган.

«Улар муштлашишни бошлашди. Кўринишидан, Жасурбек аввал кураш билан шуғулланган. У усул қўллаб, Исломнинг қўлини қайирган ва улар йиқилган. Шу вақтда учинчи курс талабаси Ҳурмат келиб, уларни ажратган. Шундан кейин Ислом шикастланган елкасини ушлаб кета бошлайди. Лекин Жасур Исломга қараб югуради. Ўлмас бақириб бундан огоҳлантиради, шунда Ислом ўнг оёғини кўтаради ва тирсаги билан юзини тўсади, Жасур унга қорни билан келиб урилади ва ундан қон оқа бошлайди», — дея талқин қилган Исломнинг отаси.

Унинг маълум қилишича, болалар жароҳатланган Жасурбекка ёрдам кўрсатиш учун стоматалогиядаги ҳамшираларни чақиришган. Аёллар унинг қонларини ювишган, шундан сўнг кетишган, Жасур 500-600 м масофани жароҳатланган ҳолда босиб ўтган.

Ота бу манзара коллеждаги кузатув камерасига муҳрланганини айтади. У кузатув камерасини кўришга қандай эришгани номаълумлигича қолмоқда, ИИББ бунга ойдинлик киритмоқда.

Абдужалил Расулов коллеждаги видеоёзувларни кўрганини таъкидлаб, Жасур Иброҳимовнинг куратори ҳам Жасур Исломни урганини тасдиқлаши мумкинлигини қўшимча қилган. У кузатув камералари ёзган тасвирларни коллеж директори, директор ўринбосари ва Исломбек билан бирга кўришганини келтирган.

Тўлагановнинг ота-онаси Жасурбек шифохонадалигида уни кўриш учун келиб туришган.

Исломбекнинг онаси кўрсатмаси

Исломбекнинг онаси Зумрат Мамбетова (у ҳам адвокат) ўғлининг айбдор эканини инкор этмайди. У ўғлига бундай тарбия бермаганини таъкидлаган. 

«Биз уни бошқача тарбиялаганмиз: «Ҳеч кимга тегинма», деганмиз. Мана энди бир ойдан буён ўғлим ҳақида ўйламаяпман. У энди қонун олдида қилган иши учун жавоб берсин. Шу болага 10 кунлаб қараганим ҳам йўқ... Биз фақат Жасурбек тузалиб кетиши учун дуода бўлдик. У тузалиб, ҳақиқатни айтишини истагандик. Энди бу иш қонун доирасида кўриб чиқилиши керак», — дея кўз ёшларини тия олмасдан гапирган у.

Исломбекнинг ота-онаси Жасурбекка таҳдид қилишгани ҳақидаги гапларни инкор этишган. Жасурбекнинг онаси томонидан ёзилган мурожаатда Исломнинг отаси 5 май куни касалхонага Жасурни кўргани келгани айтилганди. Шундан кейин Исломнинг отаси Жасурбекка таҳдид қилишидан қўрқиб, уни беморнинг олдига киришга қўйишмагани ҳақида хабарлар тарқалганди.  

«Биз у билан бир дақиқа ҳам гаплашма олмадик. Ҳеч қандай таҳдид бўлмаган. Унинг аҳволини, нима бўлгани ҳақида сўрадик», — деган Зумрат Мамбетова.

У журналистларнинг Ислом ҳозир қаердалиги ҳақидаги саволига жавоб қайтарган. У ўғли «телба» бўлиб қолгани «четга қочиб кетгани» ҳақидаги тахминларни инкор этган.

«У ҳозир Тошкентда, ўз уйида. Муштлашув вақтида шунчаки кичик жароҳат олган» деб жавоб берган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Мамбетованинг кўрсатмасида Тўлагановнинг кўрсатмасига зиддият бор. У кузатув камералари тасвирларини сўраб борганда воқеа юз берган куни видеокамералар тасвирни ёзмагани ҳақида жавоб олган. Юқорида ёзилганидек, унинг турмуш ўртоғи барча тафсилотларни кузатув камераларидаги ёзувлардан олганини билдирган.

Петиция ташкилотчилари маълумоти

Матбуот анжуманида иштирок этган, Жасурбекнинг қотилларини аниқлаб жазолаш бўйича акция ташкилотчиси, марҳумнинг синфдошларидан бирининг онаси бўлмиш Тамилла Ортиқова Жасурнинг ўртоқларига асосланиб айтишича, Жасур ва Ислом ўртасидаги баҳс бир йил олдин юзага келганди. Унинг айтишича, икки ўсмир бир йил аввал бир қизнинг устидан тортишган. Ҳодиса юз берган куни Жасур синфда навбатчи бўлган, у ахлат тўкишга чиққанида бу ерда уни бошқа коллеждошлари (6 киши) кутиб турган. Ислом ва Жасур уришиб кетишган. Шундан сўнг йигитлар ерда ётган Жасурни дўппослашган.

ИИББ маълумоти

Йиғилишда журналистларга маълум қилинишича, мазкур ҳодиса бўйича тергов иши Миробод туман ИИБдан Тошкент шаҳар ИИББга ўтказилган.

«Суд тиббий экспертиза хулосалари берилган, Жасурнинг аҳволи оғир бўлгани боис бу иш чўзилди. Бизда танатология бўлимининг 1 июнда берган тиббий экспертиза маълумотномаси бор, унда Жасур Иброҳимовга қорин органлари жароҳати, ўн икки бармоқли ичакнинг кўплаб ёрилиши, ўнг буйракнинг лат ейиши, ўткир травматик холецистит, ўчоқли панкреонекроз ва перитонит ташхислари қўйилган», Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев.

Маълум қилинишича, қотилликка бошқа шахсларнинг алоқадорлигини аниқлаш мақсадида коллежнинг яна 5 нафар ўқувчиси сўроқ қилинмоқда: Ўлмас (2 курс), Тимур (3 курс), Ҳурмат (3 курс), Тимур (2 курс), Бегзод (2 курс). Шунингдек, ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг ҳаракатлари ҳам текширилмоқда.

Гумонланувчи шахслар Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетмасликлари учун чоралар кўрилган.

Миробод тумани ИИБ томонидан ҳолат юзасидан 4 майдан бошлаб тергов олди текшируви олиб борилган. Жиноят Кодексининг 104-моддаси учинчи қисми билан 31 майда жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёни давом этмоқда.

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 13257 Lifestyle
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 20645 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 10309 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 11133 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 38203 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 52211 Жамият
Трамп Афғонистондан америкалик ҳарбийларни зудтар олиб чиқиш имконсизлигини айтди
14:10 662 Жаҳон
Қозоғистон Қирғизистонга ёрдам кўрсатишни бошлади - 41 миллион доллар
14:00 512 Жаҳон
Президент ҳузурида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича Давлат комиссияси ташкил этилиши мумкин
Терма жамоанинг Қирғизистонга қарши ўртоқлик учрашувига мухлислар киритилмайди
13:40 2550 Спорт
Кўпроқ янгиликлар