ХМТ Женевада меҳнат муносабатларини муҳокама қилади

Жаҳон 05 Июнь 2017 1434

5 июнь куни дунёнинг 187 мамлакати ҳукуматлари, касаба уюшмалари ва тадбиркорлари Женевада тўпланишади. Бу ерда 106-Халқаро меҳнат конференциясининг сессияси бўлиб ўтмоқда. Халқаро Меҳнат ташкилотининг олий органи ҳисобланувчи ушбу анъанавий форум иштирокчилари меҳнат миграцияси, иқлим ўзгаришига қарши кураш чораларининг бандликка таъсири, аёллар ва эркакларнинг иш жойларида тенглигини таъминлаш каби масалалар муҳокама қилинади. Конференцияда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Азиз Абдуҳакимов, Савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева, Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев иштирок этади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати Кун.uz’га маълум қилди. 

Анжуманда ХМТ бош директори Гай Райдер "Ўзгариб бораётган шартларда меҳнат: Яшил ташаббус" номли маъруза қилиши кутилмоқда. У иқлим ўзгаришларининг меҳнат соҳасига таъсирига бағишланган. ХМТ, хусусан, атроф-муҳитни ҳаддан ташқари ифлослантирувчи, шунингдек, энергияни кўп сарфловчи ва кўп материаллар талаб қилувчи соҳалардаги ишлаб чиқаришлар аста-секин барҳам топишини кутмоқда. Шу билан бир вақтда, дунёнинг турли бурчакларидаги аксар меҳнаткашлар "яшил иқтисодиёт" талабларига мослашишларига тўғри келади. Женевада ушбу масала бўйича бўлиб ўтадиган пленар муҳокамада янги иқтисодий шароитларга "адолатли ўтишни таъминлаш"га доир тавсиялар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. 

16 июнгача ўз ишини давом эттирувчи анжуманда, табиий офатлар ва зиддиятлар бўлаётган минтақаларда болаларни меҳнатдан муҳофаза қилиш муаммоси ҳам эътибордан четда қолмайди. Бу мавзудаги мунозаралар 12 июнь кунги Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни муносабати билан ташкил этади. "Юқори даражада"ги мажлис 15 июнда бўлиб ўтиши режалаштирилган. 

Жорий йилда ҳукуматлар вакиллари, касаба уюшмалари раҳбарлари ва тадбиркорлик бирлашмалари "Меҳнат дунёсида аёллар"ни ҳам муҳокама қилади. Бундан ташқари, форумда ХМТнинг долзарблигини йўқотган 6та конвенциясини бекор қилиш, 71-Тавсияга (урушдан тинчликка ўтиш даврида бандлик масалаларини ҳал этиш) ўзгартишлар киритиш ҳам муҳокама қилинади.

ХМТ – БМТ тизимининг махсус идораси бўлиб, ижтимоий адолат, халқаро тан олинган иинсон ҳуқуқлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларни илгари суриш билан шуғулланади. 

Кўпроқ янгиликлар