Англиянинг The New Observer нашри журналисти Андре Уолкер ИШИД жангариларига у билан жангга киришишни таклиф қилди. Журналист террорчилар уни ўлдира олган тақдирда, 50 минг фунтни қўлга киритишларини айтди. 

Уолкернинг сўзларига кўра, у жиянлари бориши керак бўлган Мачестер стадионидаги теракт ҳамда Лондонда, унинг уйи яқинида рўй берган икки ҳужумдан кейин шундай қарор қабул қилган.

«Мен террорчиларга энг йирик танқидчилардан бирини овозини ўчиришга мажбур қилиш ва бунинг эвазига мукофот олишни таклиф этаман. Бироқ ҳар бир ўйиннинг ўз қоидалари бўлади: менинг қиличим бор ва террорчилар охиргача жанг қилишга тайёр бўлишлари керак».

Журналист ўз Twitter'ида жангариларни у билан курашишга ва бунинг эвазига мукофот олишга чақирди. Журналист террорчилар унга шахсий хабар йўллаган тақдирда, ўз манзили ва зарур координаталари билан бўлишишга ваъда берди.  

Бошқа фойдаланувчилар унинг суратини қилич билан бирга фотошоп қилишга киришиб кетишди ва унга қармоқ, лазер қилич ёки мушукларни қўшишди. 

Фойдаланувчилар Уолкерга жангга ўқотар милтиқ ҳам олишни таклиф қилишди, лекин у бундай таклифдан воз кечди. 

Тез орада журналист унинг твити 3 миллион марта кўрилганига қарамай, бирорта жангари у билан алоқага чиқмаганини маълум қилди. 

У ИШИД террорчиларини «заиф ва қатъиятсиз» деб атади ва Лондон аҳолисини ўз уйларидан чиқишга қўрқмасликка чақирди. 

«Мен уйда ўтирганим йўқ, дўстларим билан Лондон бўйлаб сайр қилдим. Эртага, уйингиздан чиққанингизда ёдингизда бўлсин - бу террорчилар шу қадар «қўрқинчлики», ҳатто қиличли бақалоқдан ҳам қўрқиб кетишди».