Қатар ҳукумати терроризмни қўллаб-қувватлаш борасидаги айбловларга жавобан маълум қилишича, жаҳон ҳамжамияти билан терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилишда давом этади. Бу ҳақда “Ал-Жазира” телеканали хабар қилган.

Душанба куни Саудия Арабистони, Баҳрайн, БАА ва Миср Қатар билан дипломатик алоқалар узилганини маълум қилиб, Доҳани террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва Яқин Шарқдаги вазиятни беқарорлаштиришда айблашди. Ливиянинг шарқий қисми ҳукумати, Яман ҳамда Мальдив ҳам Қатар билан муносабатлар тўхтатилганини маълум қилди. 

"Биз халқаро ҳамжамият билан терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилишда давом этишимизни яна бир карра тасдиқлаймиз", - дея Қатар вазирлар маҳкамаси баёнотидан истибос келтиради канал. Доҳа АҚШ бошчилигидаги халқаро коалициянинг шериги ҳисобланади.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, Форс кўрфази араб мамлакатлари ҳамкорлик Кенгаши принципларига содиқ бўлиб қолади ва ҳаво ҳамда денгиз ҳудудини импорт ва инсонлар ҳаракатланиши учун очиқ қолда сақлайди.

"Биз одатий ҳаётни таъминлаш учун барча керакли чораларни кўрдик", - дея қайд этишган ҳукуматдагилар.

Мисрнинг Youm7 портали гувоҳларга асосан хабар беришича, Қатар аҳолиси қатор араб мамлакатлари билан муносабатлар узилганини эшитиб, маҳаллий дўконлардан озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимлик сувини ваҳимада сотиб ола бошлашган. “Ал-Жазира” телеканалининг хабар тарқатишича, Саудия Арабистони-Қатар чегараси яқинида катта юк машиналари тўплана бошлаган, улар Қатар ҳудудига кира олмаяпти.