Лондондаги теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди

Жаҳон 05 Июнь 2017 5509
Фото:swindonadvertiser.co.uk

ИШИД террорчилик ташкилоти Лондонда 4 июнга ўтар кечаси содир этилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда твиттерда жангарилар фаолиятини кузатиш билан шуғулланувчи исроиллик тадқиқотчи Рита Кац маълум қилди.   

Бу ҳақдаги хабар террорчилар назоратида бўлган "Амак" янгиликлар агентлигидан олинган. Хабар ИШИД фойдаланувчи каналлар орқали тарқатилган. Бу маълумотни Reuters ахборот агентлиги журналистлари ҳам тасдиқлашган

4 июнга ўтар кечаси Лондон кўпригида номаълум кимсалар фургонли машинада пиёдалар йўлакчасидаги одамларни уриб кетиб, Боро-Маркет бозоригача боришган. Сўнгра бу ерда террорчилар микроавтобусдан тушиб, одамларга узун тиғли пичоқлар билан ҳужум қилишган. Полиция босқинчиларни йўқ қилган, уларнинг танасида портловчи қурилмаларнинг муляжи аниқланган. 

Теракт оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, улар орасида Франция ва Канада фуқаролари ҳам бор. 50 га яқин киши жароҳат олган. Ҳужум расман теракт деб тан олинган. Полиция ҳужумларга алоқадорликда гумон қилинган 12 кишини қўлга олган.

ИШИД, шунингдек, 23 майда "Манчестер-Арена"да қўшиқчи Ариана Гранденинг концертида содир этилган теракт учун ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олганди. Концерт вақтида содир этилган портлаш оқибатида 22 киши, асосан болалар ва ўсмирлар ҳалок бўлган, ўнлаб кишилар жароҳат олган.

Кўпроқ янгиликлар