Мальтада коррупцияда айблангандан сўнг ўзи белгилаган муддатдан аввалги парламент сайловларида мамлакат бош вазири Жозеф Мускат ғолиб бўлди. Бош вазирнинг ўзи, унинг оиласи ва ҳамкасблари коррупцияда айбланганди. 

Мускат ғалабасини эълон қилиш вақтида тарафдорларига одамлар унинг муваффақиятли иқтисодий сиёсати давом этишига овоз беришганини айтди. Унинг Миллий партиядан рақиби Саймон Бусуттил мағлубиятини тан олди.

Мускат ва унинг рафиқаси Озарбойжоннинг ҳукмрон оиласидан тўловлар олиб турилган Панамадаги оффшор компанияга эгалик қилишда айбланганди. Мускат бу айбловларни рад этган. Сайловлар олдидан бош вазир партияси ўз етакчисининг коррупцияда айбланиши "мамлакат иқтисодиётига путур етказиши" мумкинлигини айтганди.

Таъкидлаш жоиз, айни вақтда Мальта Европа Иттифоқи кенгашида ротация асосида бир давлатдан иккинчи давлатга ўтувчи раислик лавозимини эгалламоқда.