Июлда Монакода бўлиб ўтадиган аукционда дунёдаги энг мураккаб моделдаги соатлардан бири бўлган Patek Philippe 5208P сотувга қўйилади, деб хабар бермоқда Le Point нашри. Бироқ бу соат ноёблиги ва мураккаблигидан ташқари, унинг собиқ эгаси сифатида Владимир Владимирович Путин исмли шахснинг кўрсатилгани билан ҳам эътиборга лойиқдир.

Маълумки, Россия президенти Владимир Путин соатларга жуда ҳам қизиқади. Француз нашрининг маълум қилишича, соат 1 млн еврога баҳоланмоқда.

Patek Philippe 5208P швейцар соати абадий календар, хронограф ва репитер билан  жиҳозланган.

Соатга илова қилинаётган ҳужжатларда унинг эгаси сифатида Владимир Владимирович Путин исмли шахс кўрсатилган. Бу шахс Россия президентининг адаши бўлиши ёки бунинг барчаси ҳазил тариқасида келтирилганининг эҳтимоли деярли йўқ. Нашрнинг таъкидлашича, ушбу соатлар ўзига қандай эътиборни тортиши номаълум, чунки уни сотувга қўйган шахс ҳақида исмидан бўлак бошқа ҳеч қандай маълумот мавжуд эмас.