Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилаётган очиқ чегаралар сиёсати аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Бундай фикрни Польша ички ишлар вазири Мариуш Блашак Лондонда содир этилган охирги терактга изоҳ бериш давомида билдирди.

"Миграция сиёсатини ўзгартириш керак... Бу борада қатъий чоралар, изчил ҳаракатлар қабул қилиниши лозим. Бундай ҳаракатларнинг унсурларидан бири Шимолий Африка, Яқин Шарқ мамлакатларидан мусулмон муҳожирлари учун очиқ эшиклар сиёсатини тугатиш ҳисобланади", деб айтди Блашак.

Унинг таъкидлашича, кўп маданиятлилик ва сиёсий хушмуомалаликка йўл қўйиш "ёмон оқибатларга олиб келади". Шу муносабат билан у Польшага Еврокомиссия томонидан уқтирилаётган қочқинларни жойлаштириш сиёсатида ўз давлатининг иштирок этиши имкони йўқлигини таъкидлаб ўтди. 

"Ғарбий Европада террорчилар амалга ошираётган террорчилик ҳужумлари бу шунчаки кўнгилсиз воқеалар эмас, балки фактдир", деб ҳисобламоқда польшалик вазир.