Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, АҚШ бутун дунё бўйлаб ўзга сиёсий жараёнларга аралашмоқда, бироқ, гўёки ўз сайловларига аралашган Россиядан хафа бўлмоқда. РФ аслида бундай хатти-ҳаракатни амалга оширмаган экан. 

"Мен ҳеч кимни хафа қилмоқчи эмасман, бироқ, Қўшма Штатлар бутун дунё бўйлаб бошқа мамлакатлар сайлов кампанияларига фаол равишда аралашади", - деди Путин NBC телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, “дунёнинг исталган ерида америкалик расмий шахслар ички сиёсий жараёнларга аралашиши ҳақида кўплаб эътирозларни эшитиш мумкин”.

"Шунинг учун кимдир, мен бу биз, демоқчи эмасман – биз аралашмаганмиз, - бироқ агарда кимдир бу жараёнларга аралашиш ёки таъсир этишга уринса, унда Қўшма Штатларга ҳеч нарсадан хафа бўлиш керак эмас. Биз аралашаётганимиз ҳақида гапириб, биздан хафа бўлаётган ким? Сизнинг ўзларингиз ҳар доим аралашасизлар", - дея таъкидлаб ўтди у.

Унинг қайд этишича, “бу ўзини оқлаш эмас, бу ҳақиқатни айтишдир”.

"Ҳар бир ҳаракат худди шундай қарама-қарши ҳаракатга эга. Бироқ, яна бир бор қайтараман, бизга буни қилиш керак эмас, сабаби сизга буни бекорга айтмадим, сизга ҳам, ОАВнинг бошқа вакилларига ҳам, яқинда Францияда ҳам шуни айтдим: президентлар келади ва кетади, ҳаттоки ҳукумат тепасидаги партиялар ҳам ўзгаради, асосий сиёсий ёндашув эса ўзгармайди. Шунинг учун Қўшма Штатларни ким бошқариши бизга фарқи йўқ, биз нима бўлишини тахминан биламиз. Шу сабабдан бизнинг аралашувда ҳеч қандай мантиқ йўқ", - деган у.

АҚШ конгрессида айни дамда Россиянинг мамлакат президентлиги сайловларига эҳтимолий аралашуви юзасидан суриштирув олиб борилмоқда. Шу билан бирга, Америка ОАВда Трампнинг сайловолди штаби аъзолари россиялик амалдорлар ва тадбиркорлар билан учрашгани ҳақида кўп бора турли хабарлар тарқалди.