Левада-марказ сўровномаси маълумотларига кўра, Россиянинг ҳар бешинчи фуқароси (21 фоиз) сўнгги вақтларда Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар яхши томонга ўзгармоқда, деган фикрда. Бу ҳақда «Интерфакс» маълум қилди.

Ўз навбатида сўровда иштирок этганларнинг 17 фоизи тескари фикрни билдирган бўлса, яна 54 фоизи ҳозирча ҳеч қандай ўзгаришни кўрмаётганини иддао қилган.

Шу билан бирга, сўровнома қатнашчилари Россиянинг энг яхши дўсти деб Беларусь (46 фоиз), Хитой (39 фоиз) ва Қозоғистонни (34 фоиз) ҳисоблайди. Шунингдек, Россия билан дўстона бўлган мамлакатлар орасида Сурия (15 фоиз), Ҳиндистон (14 фоиз), Арманистон (12 фоиз), Куба (11 фоиз), Ўзбекистон, Тожикистон ва Озарбойжон (9 фоиздан) ҳам бор.

Русларнинг фикрича, энг асосий душманлар – АҚШ (69 фоиз), Украина (50 фоиз) ва Германия (24 фоиз) экан. Бундан ташқари, Россияга душманлик кайфиятида бўлган мамлакатлар сифатида Латвия ва Литва (24 фоиздан), Польша (21 фоиз), Эстония (16 фоиз), Буюк Британия (15 фоиз), Грузия (9 фоиз) ва Франция (8 фоиз) ҳам тилга олинган.