Саудия Арабистони шарафини ҳимоя қилувчи Жидданинг «Ал-Аҳли» клуби ўзининг реклама ҳомийларидан бири билан шартномани бекор қилди. Бу ҳақда клуб расмий твиттерида баёнот берилган.

Манбага кўра, клуб Қатарнинг Qatar Airways авиакомпанияси билан реклама ҳомийлик шартномасини бекор қилган. Бунга Саудия Арабистони ҳукуматининг Қатар билан дипломатик алоқаларни бутунлай тўхтатгани сабаб бўлган.

«Ал-Аҳли» клуби Саудия Арабистони Ҳукумати йўналишига асосан Qatar Airways билан тузган реклама шартномасини бекор қилади», дейилад клуб баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонидан ташқари, Миср, Баҳрайн ва Бирлашган Араб Амирликлари минтақани беқарорлаштираётганликда айблаб, Қатар билан дипломатик алоқаларни узган. Бу мамлакат ҳукуматлари Қатар террорчилик гуруҳларини, жумладан «Мусулмон биродарлар»ни қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлаган. Расмий Ар-Риёд Қатар билан ҳаво чегараларини ҳам ёпган ва барча ерусти, денгиз ва ҳаво қатновларига чек қўйган.