Испаниянинг «Жирона» жамоаси келгуси мавсумда Ла-лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ҳақда клуб расмий твиттери хабар тарқатган.

4 июнь куни жамоа Испания қуйи дивизиони саналган Сегунданинг 41-турида «Сарагоса» билан дуранг (0:0) ўйнади ва 70 очко тўплаган ҳолда, чемпионат тугашига бир тур қолганда клегуси мавсум Ла-лигада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу 89 йиллик тарихга эга жамоанинг илк марта Ла-лигада иштирок этиши бўлади.

Олдинроқ, «Леванте» чемпионатни биринчи ўринда якунлаши аниқ бўлиб, Ла-лига йўлланмсини қўлга киритганди. Бу жамоа 84 очко билан биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Ўз вақтида Испаниянинг етакчи жамоалари сафига кирган «Мальорка» эса «Мирандес» билан дуранг (2:2) ўйнади ва сўнгги тур олдидан 22 жамоа ичида 44 очко билан 20-ўринни банд этди. Натижада жамоа 1980 йилдан буён илк марта Сегунда Бга тушиб кетадиган бўлди.

Шунингдек икки мавсум илгари Ла-лигада иштирок этган «Эльче» ҳам 21-ўринни эгаллаган ҳолда келгуси мавсумни нуфузи бўйича 3-дивизионда бошлайдиган бўлди.