2016 йилнинг 8 июль куни номаълум шахс, Яккасарой тумани ҳудудида фуқаро Сурайё Бобированинг (жабрланувчининг анкета маълумотлари ўзгартирилган) ишончига кириб, уни “Uzmobile” уяли алоқа компаниясига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, алдов йўли билан ундан 1.500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини қўлга киритганидан сўнг, ҳодиса жойидан яширинган, деб хабар бермоқда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси. 

Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик, яъни ўзганинг мулкини алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган эди. 

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан олиб борилган тергов-тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноят муқаддам фирибгарлик билан бир неча маротаба судланган, 1981 йилда туғилган Абдуҳамид Абдувахитович Абдуллаев томонидан содир этилганлиги аниқланган. 

Абдуллаевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. 

Юқоридаги шахснинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрганлар бўлса, “102” телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар идораларига мурожаат этишлари мумкин.