Абу-Дабида истиқомат қилувчи 69 ёшли фаластинлик киши бу дунёни эрта тарк этган ўғлининг хотираси учун ҳар йили  мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида эзгу ишларни амалга оширади ва шундан ҳаловат топади. Gulf News шу ҳақида хабар берди

Насмий Муҳаммад Маҳмуд 1996 йилни ҳеч ҳам унута олмайди. Шу йили 18 ёшни қарши олган ўғли автоҳалокат натижасида ҳаётдан кўз юмган. Ўшандан буён у ҳар йили Рамазон ойида Абу-Дабининг Ҳамдон кўчасидаги уйи олдида 300 кишига (бепул) ифтор ўтказади. 

"Мен бунинг эвазига Оллоҳдан мукофот олиши мумкин бўлган ўғлим хотираси учун шундай қиламан", - дейди Маҳмуд ифтор таомларини тарқатар экан. 

Унинг сўзларига кўра, кўп кишилар, айниқса ишчилар унинг бу эзгу иши учун доим миннатдорчилик билдиришади. "Улар марҳум фарзандим учун дуо қилишларини айтганларида ҳаловат топгандай бўламан", - дейди у.

Унинг атрофида қўллаб-қувватловчилари ҳам талайгина, улар ифторга яқин Маҳмуднинг уйи олдига келиб, дастурхон безашда, таомларни тарқатишда ёрдам беришади.

Маҳмуд ифтор учун ресторандан товуқ ёки қўй гўштидан тайёрланган таомларни келтиради ҳамда уларни сув, лабан ва шарбат каби неъматлар билан тарқатади. 

Маҳмуд Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлигининг истеъфодаги ходими ҳисобланади. Унинг бир қизи ва уч ўғли ҳам хайрли ишда отасини қўллаб-қувватлаб келишади.