Черногория НАТОнинг 29-аъзо давлатига айланиб, АҚШдан ғарбий ҳарбий альянсга қўшилиш борасидаги истаги учун мақтов олди. Бу ҳолат Россия босимига қарамай юз берди.

Черногория бош вазири Душко Маркович душанба куни АҚШ Давлат департаментида мамлакатнинг НАТОга кириши расмий маросимида иштирок этаётган бир пайтда, Россия ушбу давлат ҳукуматининг “душманлик кайфиятидаги муносабатига” нисбатан жавоб чоралари кўрилиши ҳақида огоҳлантирди ва мамлакатда давом этаётган “Россияга қарши жазавани” қоралаб чиқди.

Россия ТИВнинг хабар беришича, рўй берган вазият учун масъулият “тўла Черногория томонида”. Эслатилишича, Черногориянинг ЕИнинг Россияга нисбатан 2014 йилдаги санкцияларга қўшилишини Москва симметрик қадамлар сифатида қабул қилган.

"Черногория ҳукуматининг душманлик кайфиятидаги муносабати туфайли Россия томони жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида қолдиради. Сиёсатда ҳам, худди физикадагидек, ҳар қандай ҳаракат қарама-қарши ҳаракатга эга", - дея маълум қилган Россия ташқи сиёсат идораси.

Маркович маросимдан сўнг АҚШ вице-президенти Майк Пенс билан Оқ уйда учрашди, дея айтиб ўтишган амалдорлар. Уларнинг қўшимча қилишича, Черногория бош вазири Дональд Трамп билан кўришмаган.

Маркович Пенсга Черногория 2024 йилга келиб альянс томонидан мудофаага ажратилувчи маблағларнинг манзилли миқдорига етишиш ниятида эканини айтди.

АҚШ давлат котиби ўринбосари Томас Шэннон Черногорияни мақтаган, ҳамда “иттифоқларни танлашга бўлган суверен ҳуқуқини, ҳаттоки ташқи коллектив босимга қарамай тасдиқлагани туфайли кўпроқ маъқуллашга лойиқ экани”ни айтган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, Черногориянинг альянсга қўшилиши умумий тинчлик ва хавфсизликка ижобий таъсир кўрсатади.

"Бу НАТОга киришга ҳаракат қилаётган бошқа давлатларга сигналдир. Агарда мамлакат ҳақиқатдан ҳам ислоҳотларни амалга оширса, демократияни илгари сурса, ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамласа, қуролли кучларни модернизация қилса ва бизнинг коллектив мудофаамизга кўмак берса, у альянсга кириши мумкин", - деди у.

Черногория ва Россия ўртасидаги муносабатлар Югославия собиқ республикаси НАТОга кириш ниятида эканини маълум қилгач ёмонлашди.

Ўтган йилнинг октябрида эса Черногория Россия махсус хизматлари ва маҳаллий руспараст партиялар ҳукумат тепасига Черногория мухолифатини олиб келиш мақсадида ўша вақтдаги бош вазир Мило Жукановични ўлдириш режасини ишлаб чиқишганини маълум қилди. Кремль айбловларни рад этди.

Пенснинг айтишича, АҚШ Ғарбий Болқон давлатларининг евроатлантик интеграциясини тўла қўллаб-қувватлайди.