Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Ҳиндистон эркин савдо зонаси ҳақидаги келишувни имзолаш бўйича расмий музокараларни бошлади. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси хабар берган.

Таъкидланишича, Петербург халқаро иқтисодий форуми вақтида музокараларни бошлаш ҳақида қўшма баёнот имзоланган. 

«ЕОИИ ва Ҳиндистон ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги босқичи бошланмоқда. У савдони кенгайтириш ва ўзаро сармояларни жалб этиш учун қўшимча имкониятлар яратади. Бизда ҳамкорликни сифатли ривожлантириш учун имконият пайдо бўлмоқда. Маҳсулотларимизнинг бозордаги рақобатбардошлигини ошириш учун керакли шароитлар, кооперацияни кучайтириш, иқтисодиётнинг барча соҳаларида бизнес-мулоқотни йўлга қўйишимиз мумкин», - дея қайд этган ЕИК коллегияси аъзоси Вероника Никишина.

Савдо режимини эркинлаштириш ЕОИИ барча давлатлари ва Ҳиндистон ЯИМнинг қисқа муддатли истиқболда ўсишига олиб келади. Экспертларга кўра, товар айланмаси 30-40 фоизга қадар ошиши мумкин.

ЕИКнинг тахминича, келишув кучга кирганидан сўнг ЕОИИ мамлакатларидан Ҳиндистонга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти кўпаяди.