Сешанба куни жаҳон бозорида нефть нархи 3 ҳафта олдинги минимум даражага тушди. Бунга Форс кўрфазида рўй берган вазият туфайли нефть қазиб олишни камайтириш бўйича келишув амалга ошиши борасидаги хавотирлар сабаб бўлмоқда.

5 июнь куни айни вазият туфайли нарх кўтарилганди. Тошкент вақти билан соат 10:09да Лондондаги ICE Futures биржасида август ойи фьючерси учун Brent маркали нефтнинг бир баррели 0,21 долларга арзонлашиб (0,42 фоиз тушиш) 49,26 долларни ташкил қилмоқда.

Нью-Йорк хом ашё биржаси (NYMEX) электрон савдоларида июль ойи фьючерси учун WTI маркали нефтнинг бир баррели 0,23 долларга арзонлашиб (0,49 фоиз), бир баррели 47,17 долларни ташкил этган.

Бозор шу тариқа Қатар ва араб давлатларидаги муносабатлар ҳолатига муносабат билдирмоқда. Аввалига нархлар маҳсулотларнинг етказиб берилишида муаммолар юзага келиши хавфи остида кўтарилиб кетганди. Энди эса экспертлар воқеаларнинг бундай ривожи рўй бермаслигини прогноз қилиши ортидан нархлар тушмоқда. Бундан ташқари, бир қатор иқтисодчилар сиёсий зиддиятлар туфайли ОПЕК аъзолари ўртасида ўтган ойда тузилган, нефть қазиб олишни камайтириш бўйича келишув бажарилмаслиги мумкинлигини айтишмоқда.

Душанба куни Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатар билан дипломатик алоқаларни узди. Бу давлатлар расмий Доҳани террорчи ташкилотларни қўллаб-қувватлашда ҳамда Яқин Шарқдаги вазиятни беқарорлаштиришда айблади. Кун давомида Ливия, Яман, Мальдив ва Маврикий ҳам Қатар билан алоқаларни тўхтатди.

Қатар ОПЕКда нисбатан энг кам улушга эга мамлакат ҳисобланади, аммо картел ичидаги танг вазият нефть қазиб олиш бўйича келишувнинг бажарилмаслигига олиб келиши мумкин.

ОПЕК ва бошқа нефть қазиб олувчи давлатлар 2016 йил охирида нефть қазиб олишни кунига 1,8 миллион баррелда (октябрь ойи даражасида) сақлаб қолиш бўйича келишганди. Бу келишув 2017 йилнинг май ойи охирида имзоланди ва бу келишув 2018 йилнинг мартигача амал қиладиган бўлганди.