Хитой раиси Си Цзинпин космик кенгликни тинч мақсадларда тадқиқ қилиш зарурати ҳақида сўз юритди. 

ХХР раҳбари коинотни тадқиқ қилиш бўйича GLEX-2017 халқаро конференциясининг очилишига йўллаган ёзма мурожаатида шундай баёнот билан чиққан. 

"Хитой азалдан коинот ва илмий-техник инновацияларни тадқиқ қилиш масалаларига муҳим аҳамият қаратиб келган. ХХР космик кенгликни тадқиқ қилиш натижалари инсоният келажаги ривожига ҳисса қўшиши учун дунёнинг барча мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, коинотни тинч мақсадларда тадқиқ қилиш, ўрганиш ва ундан фойдаланишга тайёр", - дея ўқиб берди Хитой раҳбарининг сўзларини ХХР раис ўринбосари Ли Юанчао.

Си Цзинпин шунингдек илмий-техник тадқиқотлар натижалари барча мамлакатлар халқларини бойитишига умид билдирди. 

Сўнгги йилларда Хитой космонавтикада сезиларли ютуқларга эришмоқда ва Ой ҳамда Марсни тадқиқ қилиш бўйича катта дастурни ишлаб чиқмоқда.