Қатар «Ал-Қоида» террорчиларига пул тўлагани ошкор бўлди. Доҳадагилар буни гаровга олинган қироллик оиласи аъзоларини қутқариш эвазига тўланган пул сифатида тушунтиришга уринишмоқда.

Financial Times’нинг Қатар ҳукумати вакиллари ва дала қўмондонларига асосланиб хабар беришича, амирлик раҳбарияти халқаро террорчиларга 1 миллиард АҚШ доллари тўлаганини тан олган. Таъкидланишича, бу пуллар жанубий Ироққа овга борганида террорчилар томондан гаровга олинган қироллик оиласи аъзоларини озод қилиш учун тузилган келишувнинг бир қисми бўлган.

Манбанинг сўзларига кўра, пуллар Қатар қироллик оиласининг аъзоларини озод қилишдан ташқари, Сурияда экстремистлар томонидан ҳибсда сақланаётган яна 50 кишини озод қилиш учун ҳам ишлатилган. Доҳада айтилишича, пуллар «Ал-Қоида» билан боғлиқ террорчилик гуруҳларига ҳам, Эрон ҳукуматига ҳам берилган.

FT’нинг қатарлик манбалари келишув апрель ойида амалга оширилганини таъкидлашмоқда.

5 июнда бир қатор араб давлатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни узишларини эълон қилишди. Улар орасида Саудия Арабистони, Ливия, БАА, Баҳрайн, Миср каби давлатлар бор. Улар ўз қарорларини Қатар расмий ҳукумати ИШИД ва «Мусулмон биродарлар» каби террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлагани билан тушунтиришган.

5 июнь куни Саудия Арабистони ҳукумати ўз ҳудудида Қатарнинг «Ал-Жазийра» телеканали офисини ёпиб қўйган. Телеканал Форс кўрфази давлатлари коалициясига қарши ҳаракат қилаётган ҳусийчилар лашкарлари фаолиятини қўллаб-қувватлагани бунга сабаб қилиб кўрсатилган.