El Pais нашрининг ёзишича, Лондонда яшовчи 39 ёшли мадридлик Игнасио Эчеварриянинг тақдири 48 соатдан бери номаълумлигича қолмоқда. Журналистлар Вирхиния Мартинес ва Мигель Гонсалеснинг маълум қилишларича, Эчеваррияни сўнгги марта Лондонда террорчилар ҳужум амалга оширган жойлардан бирида кўрганлар.

"Эркак яқинларининг айтишича, Эчеваррия теракт вақтида скейт учгани борган боғдан қайтаётган бўлган. Боро бозори яқинида у қандайдир эркак аёлга пичоқ билан ҳужум қилганини кўриб қолган", деб айтилмоқда мақолада.

Нашр шунингдек эркак билан бирга бўлган дўстларининг сўзларини келтириб ўтган. Уларнинг айтишича, у аёлга ёрдам бермоқчи бўлган. "У бир зумда велосипеддан сакраб тушиб, террорчига скейтборд билан зарба берди. Бу вақтда қолган икки босқинчи унга орқасидан ҳужум қилишди ва у ерга йиқилиб тушди", деб эслашган воқеани испаннинг дўстлари. Шундан кейин Эчеваррияни ҳеч ким кўрмаган. "У аёлни қутқариш учун босқинчига қаршилик кўрсатиб, жасурлик кўрсатди", деб айтмоқдалар эркакнинг яқинлари.

Испания ташқи ишлар вазири Альфонсо Дастис ўзининг британиялик ҳамкасби Борис Жонсондан "испаннинг яқинлари янада хавотирланишлари ва азият чекишларига йўл қўймаслик" мақсадида  терактда ҳалок бўлганлар шахсини аниқлаш жараёнини иложи борича тезлатишни сўраган. Жонсон жараён секин кетаётгани учун узр сўраган ва шахсларни аниқлашда хатоликлар содир бўлмаслиги учун тегишли тартиботга амал қилиш кераклигини айтган. "Баённомаларга кўра, Британия масъул идоралари Эчеварриянинг бармоқ излари ва ДНКсини сўрашган, бироқ унинг Лондонда яшовчи синглисига жасадларни кўздан кечириб чиқишга рухсат беришмаган", деб ёзмоқда нашр. Эркакнинг синглисини шифохоналарда бўлган ярадорлар олдига ҳам киритишмаган.

Расмий маълумотларига кўра, теракт оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, 48 киши яраланган, улардан 21 нафарининг аҳволи жуда оғир. Мухбирлариннг маълум қилишича, ярадорлар орасида бир испан бор ва унинг ҳаёти хавф остида эмас.