Ростов-Дон порти Украина кемасини қабул қилмади

Жамият 06 Июнь 2017 6526
Фото: Google Images

Россиянинг Ростов-Дон шаҳри порти Украинанинг «Генерал Ватутин» саёҳат кемасини киритишни истамаяпти. У Одесса портига бориш ўрнига Россия томонга суза бошлаган. Бу ҳақда порт эксплуатация хизмати раҳбари Виталий Виробян «Говорит Москва» радиосига маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, Ростов портида фақат юк кемалари қабул қилинади ва «Генерал Ватутин»нинг келаётганини билишмайди. «Йўқ, биз уни бу ерга киритмаймиз», — деб таъкидлаган Виробян. 

Кемани ижарага олган «Червона рута» компанияси президенти Юрий Соколовнинг хабар қилишича, кема Ростов-Донга янги эгаси қарорига кўра йўл олган. «Хўжайин ўзгарди, ҳозирда кема Белиз байроғи остида сузмоқда. У Украинага тегишли бўлиб, Украина байроғи остида сузаётган эди. Аммо, 2 ҳафта олдин, Украина кемалар реестридан расман олинган эди. Кеманинг янги эгаси Белиз байроғини кўтарди, янги ҳужжатларни олиб, кетди», — деган тадбиркор. У кеманинг янги эгаси кимлигига ойдинлик киритмаган. 

ФХХдаги манбанинг Nation News агентлиигига маълум қилишича, «Генерал Ватутин» Россия ҳудудий сувларига кирмаган. MarineTraffic сайти маълумотларига кўра, мақола чиқаётган вақтда у Керчен бўғозига кирган. 

Кўпроқ янгиликлар