Россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси Россия бош вазири Дмитрий Медведевга тегишли ҳашаматли уй ҳақида яна битта видеороликни намойиш қилди. Ушбу маскан Москва вилоятидаги Рублёвкада жойлашган. 

Жамғарманинг маълум қилишича, ушбу масканни Медведев билан боғлиқ тузилмага россиялик тадбиркор Алишер Усмонов совға қилган.  

Ушбу маскан Ижтимоий муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига тегишли бўлиб, бу жамғармага Медведевнинг курсдоши Илья Елисеев раҳбарлик қилади.

Навальний жамғармаси маълумотларига кўра, уй 5 млрд рубль туради. Янги видеода масканда аввал намойиш қилинмаган иншоотлар, жумладан ҳаммомхона мажмуаси ва кўплаб ҳайкалларни кўриш мумкин. 

31 май куни Москва шаҳри Люблино туман суди Навальний ва унинг жамғармаси зиммасига Медведевнинг ҳашаматли ҳаёт кечириши тергов қилинган "У сизга Димон эмас" деб номланган фильмни ижтимоий тармоқлардан ўчириб ташлашни юклаганди.

Бундай қарорни судья Марина Васина Алишер Усмоновнинг Навальнийга қарши арзини қаноатлантириш вақтида қабул қилган.

Бироқ Навальний твиттерда бу фильмни ўчириб ташлаш нияти йўқлигини маълум қилган. Унинг жамғармаси ходими Георгий Албуров жамғарма Усмонов исми эслаб ўтилган ўзининг барча блоглари ва ижтимоий тармоқлардаги мақолаларини ўчирмаслигини тасдиқлаган.