Украинанинг янги Ukrainians ижтимоий тармоғида 24 мингдан зиёд киши рўйхатдан ўтишга улгурди. Бироқ ҳозирча регистрация ва суратни алмаштиришдан бошқа ҳеч қандай функциялардан фойдаланиш имкони йўқ. 

Украинада "ВКонтакте" ва "Одноклассники" ижтимоий тармоқларига кириш тақиқлаб қўйилди. Канаданинг дастурий таъминот ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи StartupSoft компанияси дастурчилар гуруҳи Украинага Ukrainians ижтимоий тармоғини яратиш таклифини берганди. Украиналиклар ўзларининг ижтимоий тармоқларига эга бўлиш таклифини маъқуллашди -  лойиҳани ишга тушиши учун керакли бўлган 50 минг киши ўрнига 66 мингдан ортиқ киши имзолади. 

Янги ижтимоий тармоқнинг Facebook'даги саҳифасида Ukrainians'дан рўйхатдан ўтиш очиқ экани айтилган

Фойдаланувчилар аккаунтни Facebook ижтимоий тармоғидан олинган маълумотлар ёрдамида рўйхатдан ўтказишлари мумкин бўлади. Бугунга қадар регистрациядан ўтганлар сони 24,5 мингдан зиёд кишини ташкил қилган. Сайтда таъкидланишича, Ukrainians'да 100 мингдан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтсагина "янгиликлар" ва "дўстлар" функциялари фаоллашади.