«Университетлар, эҳтиёт бўлинг»: Дастурчилар учун келажак мактаби қандай тузилган

Жамият 06 Июнь 2017 9212

2013 йили Парижда кодинг мактаби очилган эди. У ерга асосан ёшлар, кўп ҳолларда тажрибасиз дастурчиларни қабул қилишади. Уларга тураржой ва зарур техникалар тақдим этилади ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш сўралади. Унга кириш учун олий ёки ўрта маълумот ҳақидаги диплом керак эмас, шунингдек, ўқитувчи ва жиддий назорат ҳам йўқ. Мактабнинг асосий мақсади — тажриба тақдим этиш ва иқтидорли мутахассисларни кашф этишдир. 

42-мактаб ўқувчилари. Фото San Francisco Chronicle

2016 йилда мактаб филиали Калифорнияда ҳам очилди. Худди шунга ўхшаш лойиҳалар турли мамлакатларда ҳам пайдо бўла бошлади. Кўплаб IT-мутахассислар ҳам унда келажак таълимини кўришганини айтиб, лойиҳани олқишлашди. 

2017 йил баҳорида 42-мактабга IT-мутахассис Пол Грэм ва «ВКонтакте» ҳамда Telegram Павел Дуров ташриф буюрган эди. 

«Бугун мен 42-мактабда бўлдим ва ҳануз кўрганларим таъсиридаман. Университетлар, эҳтиёт бўлинглар», - деб ёзган эди ўз ташрифидан сўнг Пол. 

«Ксавье Ньелнинг 42-лойиҳаси, дастурлашдаги кўп масалаларда анча илгарилаб кетган мактабдан лол қолдим. Бу қайсидир маънода келажак таълимидир», - деган Павел Дуров. 

Қанақа мактаб ўзи бу?

42-мактаб — бу бошловчи ва тажрибали дастурчилар учун хусусий ўқув таълим масканидир. Унинг бўлимларидан бири Парижда, иккинчиси — Калифорниянинг  Фримонт шаҳрида очилган. Унинг номланиши «Автостоп билан галактика бўйлаб» китобига боғлиқ. Асарда ўта кучли сунъий ақл «Ҳаёт, Коинот ва барча бошқа нарсаларнинг асосий саволи»га шу рақам билан жавоб берган. Мактабда ўқиш бепул, талабаларга умумий ётоқхонадан жой, кучли iMac ва чексиз интернет тақдим этилади. 

Таълим жараёни ўқитувчиларсиз ташкил этилган бўлиб, талабалар интернетда ахборотни топади ва биргаликда IT-лойиҳалар устида ишлайди. Мактаб бир кунда 24 соат, ҳафтасига 7 кун ишлайди. Талабалар истаган вақтда келиб кетишлари мумкин. Бу ерда академик жадвал мавжуд эмас. Биринчи йилда 70 минг киши ариза топширган бўлиб, улардан 3 мингга яқини тест орқали танлаб олинган.

Америка ва Франциядаги бўлимларида 20 нафаар ходим ишлайди, аммо улар дарс бермайди ёки талабаларнинг ишларига аралашмайди, балки шунчаки маъмурий вазифаларни бажаришади. Раҳбарият ўқитувчилар орқали билим беришни қўллаб-қувватламайди, чунки уларнинг фикрича, ҳар қандай маълумотни мустақил равишда интернетда топса  бўлади. 

Мактабга ким асос солди?

Лойиҳага 7 млрд доллардан ортиқ маблағи бўлган 49 ёшли француз тадбиркори Ксавье Ньель (Xavier Niel) асос солди. Ньель 13 ёш бўлганида отаси унга Sinclair ZX81 компьютерини совға қилди. Бу ўсмир йигитнинг IT-соҳани танлашига кифоя қилди. Тадбиркор мактабни тугатгач, университетга кирмади, аксинча уйидаги гаражда дастурлашни ўрганишда давом этди. 

Ксавье Ньель (марказда) 42-мактаб ўқувчилари билан. Фото Getty

Ньель 18 ёшида танишиш учун чат ва бир нечта мессенжерлар ишлаб чиқди ва кейинроқ, уларни йирик компанияларга сотди. 1990 йили, дастурчи 23 ёшда бўлганида Iliad телевизион, мобил ва интернет-алоқа тизимини ишлаб чиқди. Бундан ташқари, у яна бир нечта алоқа ва интернет соҳасида ишлайдиган компанияга асос солди. Ньель 10 йилдан кўп вақт мобайнида француз ва америкалик ишлаб чиқарувчиларнинг IT-стартапларига миллионлаб сармоя киритди. Бунда, сармоядор анъанавий таълим кодингга келганда иш бермаслигини таъкидлаб келди. 

Ньель фикрича, дастурчиларга ўқитувчилар эмас, мустақил ва қўшма амалиёт зарур. 

2013 йил мартида тадбиркор 42-мактабнинг Париж бўлимини очди. Бунинг учун у 70 млн доллар сарфлади. Ньель мактабида малакали, аммо ўзи ёшлигида бўлганидек, нотаниш дастурчиларни кўришни орзу қилганди. 

Орадан 3 йил ўтиб, Калифорниянинг Фримонт шаҳрида иккинчи 42-мактаб очилди. Бу сафар сармоядор қурилиш ва ускуналар учун 100 млн долларга яқин маблағ сарфлади. Ньель Калифорния мактабида яқин 5 йилда 10 минг талабани ўқитиш ниятида. У ер ижараси ва бинони сақлаш учун 2020 йилгача пулини тўлаб қўйди. 

42-мактабга қандай кириш мумкин?

Бу мактабга 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган исталган киши кириши мумкин. Таълим олиш учун ўрта ёки олий таълим дипломи, ёхуд тавсияномалар керак эмас, аксинча дастлабки тест жараёнидан ўтиш кифоя. 

Танлов жараёни қуйидагича кўринади.
 
Номзод мактабнинг расмий сайтида рўйхатдан ўтади ва IQ тестни топширади. Агар натижалар қониқарли бўлса, уни бир неча кун ичида Париж ёки Фримонтдаги бўлимга таклиф қилишади. Бу ўқишга кирувчининг қайси сайтдан рўйхатдан ўтганига боғлиқ. Мактабнинг, шунингдек, Slack очиқ чати ҳам бор. У ерда талабалар ва мактаб раҳбарияти турли масалалар, жумладан ўқишга аризаларни муҳокама қилишади.
 
Шундан сўнг, 4 ҳафталик кодинг курси бошланади. Ҳар куни абитуриентга тезкор ечимни талаб қилувчи янги вазифа берилади. Иштирокчига компьютер тақдим этилади, у интернет фойдаланиши ва талабалар билан мулоқот қилиши мумкин. вазифа анча мураккаб бўлиб, тажрибасизроқ дастурчилар ҳафтасига 100 соатлаб ишлашларига тўғри келади. 

Агар, ўқишга кираётган талабгор синовдан муваффақиятли ўтса, унга 3 йилдан 5 йилгача давом этувчи тўлиқ курсни ўтишни тавсия қилишади. Мактаб ўз тураржойига эга бўлмаган талабаларга ётоқхонадан жой бериши ҳам мумкин. Бундан ташқари, мактаб дастурчилар учун ёзги семинарлар ҳам ташкил этади. Шундай семинарнинг энг яқини 2017 йил 19-30 июнь кунлари Фримонтда бўлиб ўтади. 

Таълим қандай ташкил этилган?

42-мактаб вакиллари талабалар ишини назорат қилмайди, улар якуний ишларни текширишади. Агар талабалар вазифани умуман адо қилишмаса, (ҳатто, 90 фоиз бажарилган бўлса-да) у йиқилган ҳисобланади. Bloomberg агентлигига кўра, 2014 йили мактабдан 100 талаба ҳайдалди — улар «Қора туйнук» деб номланган сўнгги муҳлат тизимига мослаша олишмади. Кўплаб ўқувчилар ўз лойиҳалари устида ишлашади, улар кейинчалик уни IT-компанияларга сотишлари мумкин бўлади. 

Мактаб талабаларининг ҳикоя қилишларича, таълимнинг энг қийин кунлари — илк кунлардир. Ўқувчилар тизимга мослашиш мақсадида кўплаб хато қилишади. Ишлаш қоидаларини тушуниш ва вазифаларни уддалашда курсдошлар ёрдамидан умид қилмаса ҳам бўлади. Одамлар кўп ҳолларда стол ёнида ёки пол усстида ухлаб қолади. Бу, албатта, тақиқланмаган.

42-мактаб абитуриенти вақтинчалик ётоқхонада. Фото The New York Times

Бинода чўмилиш хонаси, ошхона ва тантаналар хонаси мавжуд. Раҳбариятга кўра, талабалар ўзаро хабарлашиб ишлашга мажбур. Якка ишловчилар қисқа фурсатда ажралиб қолади. Талабалар орасида ҳаттоки дастурлашни умуман билмаганлари ҳам бор. Бироқ, бир-икки ҳафтадан сўнг, жамоада самарали ишлашга кўникма ҳосил қилишади. 

Таълим масканининг кўплаб битирувчилари етакчи IT-компаниялар, хусусан, Linkedln, Apple ва Dropbox каби компанияларга ишга киришлари мумкин.

42-мактабнинг 40 фоизи ўрта мактабни тугатмаган. 

Уларнинг 11 фоизи — аёллар.

22 ёш  — талабаларнинг ўртача ёши.

Мактаб нима учун танқид қилинади ва олқишлашади?

Bloomberg агентлигининг ёзишича, 42-мактабдан нафақат кодинг соҳасида, балки амалиёт назариядан муҳим бўлган турли мутахассисликларда ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, журналистикада — ўқувчиларга ҳеч нарса ўргатилмайди, улар манбаларни мустақил равишда таҳлил қилиш ва мавжуд ахборотга танқидий ёндаша олиши керак. 

Таълимнинг бошқа бир устун жиҳати — асосан эски усуллардан фойдаланувчи профессорларнинг йўқлигидир. Бундан ташқари, агентликка кўра, инсоннинг жамоада ишлай олиши ва тор доирада ўзини тута билиши IT-индустрияда дипломдан ҳам қадрлироқ ҳисобланади. 

42-мактаб дастурловчилар учун онлайн платформа ҳисобланувчи CodinGame таснифи бўйича энг яхши муассаса деб топилди. Инқилобий ёндашув, очиқлик, самарадорлик, талабчанликнинг йўқлиги ва мактабни бепуллигини Twitter, Snapchat, Slack, Airbnb ва Nest асосчилари олқишлашди.

Шунга қарамай, мактабни танқид қилганлар ҳам бор. Талабалардан бирининг ёзишича, у лойиҳалар устида кунига 10 соат ишлашига тўғри келади, бироқ бу етарли эмас. Мактабнинг Америкадаги бўлими директори талабаларга кунига камида 15 соатни тавсия қилади. Талабанинг қайд этишича, кўплаб талабалар ҳафтасига 50 соатдан кўп ишламайди, унинг ўзи эса уйқусизликдан азият чекади.

Танқид муаллифи дўстининг иш режасини татбиқ этишга қарор қилган: тунда 3 соат ишлайди ва кундузи икки марта мизғиб олади, қолган вақтини кодингга бағишлайди. Унинг сўзларига кўра, ярим йилда шу тартибга кўникиш мумкин. 

Дастурчи, шунингдек, гуруҳ лойиҳалари учун мактабда муносиб ҳамкорлар йўқлигидан арз қилган. Гўёки, муассасада ё кам ишлайдиган ёки кодингни етарлича билмайдиган одамлар кўп. Жамоага юкланган вазифа кўп ҳолларда бир хил тақсимланмайди. Талабалар дам олиш ёки байрамлар сабабли лойиҳани ярмида қолдириб кетиши мумкин. 

42-мактаб талабалари қўшма лойиҳани муҳокама қилишмоқда. Фото San Francisco Chronicle

Жамоавий ишлашнинг нуқсонларини Bloomberg агентлиги ҳам қайд этган. Талабалар, асосан, алоҳида ишлайди. Буни эса, уйда ёки бошқа жойда ҳам муваффақиятли тарзда бажариш мумкин, ёрдамчилар эса интернетдаги махсус ресурсларда кўплаб топилади. Шундай экан, 42-мактабнинг биргина фойдаси қимматбаҳо Apple компьютеридан бепул ишлаш имкониятидир.

Аммо, танқидга қарамай, 42-мактаб таълим соҳасидаги ўзига хос муассаса бўлиб қолмоқда. Ксавье Ньелнинг сўзларига кўра, у ўз лойиҳаси билан «француз менталитетини ўзгартирмоқчи». Францияда ҳар йили 200 минг битирувчи ишга жойлаша олмайди. Унинг мактаби эса, кўп кишиларга IT-индустриядаги иқтидорини кашф қилишга имкон беради.

Ҳар ҳолда, Ньелнинг ғояси бошқа давлатлардаги тадбиркорларни ҳам руҳлантирган кўринади. Сўнгги вақтларда, шунга ўхшаш лойиҳалар Жанубий Африка, Руминия, Молдова ва Украинада ҳам пайдо бўлди. 

 

Кун янгиликлари
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 / 21.08.2017 20639 Lifestyle
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 49608 Жамият
Келажак мевалари: фарғоналик бемор онанинг икки нафар норасида фарзандига ёрдам қўлини чўзайлик
23:59 / 21.08.2017 3140 Жамият
Барселоналик террорчини йўқ қилишда синчков аёл ёрдам берди
23:57 / 21.08.2017 1763 Жаҳон
Шимолий Кореяга қочиб кетган охирги америкалик ҳарбий вафот этди
23:34 / 21.08.2017 3550 Жаҳон
Хитой хорижий инвестицияларга чеклов жорий қилди
23:08 / 21.08.2017 2080 Жаҳон
Дайжест: Самарқандда ҳокимлар алмашинуви, гўшт импорти учун имтиёз, Асакадаги заводда танаффус ва куннинг бошқа хабарлари
22:59 / 21.08.2017 3185 Жаҳон
Қозоғистонда ўзбек автомобиллари ишлаб чиқарилиши кенгайтирилиши мумкин
22:48 / 21.08.2017 3321 Технология
Лотин алифбосидан кимлар қўрқади?
22:45 / 21.08.2017 4834 Жамият
Президент 2017 йилда ғўза дефолиациясини ўз вақтида ва самарали ўтказишга доир қарорни имзолади
22:37 / 21.08.2017 4417 Ўзбекистон
Кўпроқ янгиликлар