Бугунги кунда ҳужжатларни электрон усулда, онлайн қабул қилиш абитуриентларга бир қанча қулайлик яратади. Бунинг учун одатдагидек, ОТМга бориш, жазирама иссиқда навбат кутиш шарт бўлмайди. 

Бу борада Тошкент Ахборот технологиялари институти дастлабки қадамни ташлади ва ҳужжатларни онлайн қабул қилиш тизимини йўлга қўйди. Кун.uz мухбирининг хабар беришича, бугун Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги анжуманида мазкур усул Ўзбекистондаги бошқа олий ўқув юртларида ҳам қўлланилиши тўғрисида саволлар ўртага ташланган.   

Олий ва ўрта-махсус таълим вазири биринчи ўринбосари Иномжон Маджидов бу масалага қуйидагича изоҳ берди: 

"Ҳозирда абитуриентларнинг ҳужжатларини масофадан туриб қабул қилиш катта имониятларни яратади. Бироқ бу жараённи амалиётга жорий қилиш босқичма-босқич амалга оширилади. Авваламбор, абитуриентнинг электрон рақамли имзоси талаб қилинади. Барча ҳужжатларни талабга мувофиқ шаклда имзолаб, керакли манзилга йўллашни билиши керак. Ундан сўнг, расмий ҳужжатларни ҳам тақдим этиш талаб қилинади. Бунинг учун абитуриент етарлича билим-кўникмага эга бўлиши лозим.

Бундан ташқари, ҳужжатларни онлайн топшириш учун шунга муносиб АТ инфратузилмаси керак. Агар инфратузилма тайёр бўлмаса, талаб қилинган тезликда ишлай олмаса, ўқиш жараёни бузилиб қолади", - дея қайд этди Иномжон Маджидов.

Олий ва ўрта-махсус таълим вазири биринчи ўринбосари Иномжон Маджидовнинг сўзларига кўра, юқоридаги икки масала ўз ижобий ечимини топса, келгусида онлайн ҳужжат топшириш тизими барча ОТМда жорий этилади. Тошкент Ахборот технологиялари институтида эса мазкур тизим синовдан ўтказилмоқда.