Қашқадарёда давлат бюджетига 22 млн сўм зарар етказган бош шифокор ўринбосари фош этилди

Жамият 07 Июнь 2017 13509
Фото: Depositphotos

Қашқадарё вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат марказида 2001 йилдан 2015 йилгача бош шифокор ўринбосари бўлиб ишлаган Алишер Шералиев пул ишлашнинг антиқа йўлини ўйлаб топди. 2014 йил 27 декабрь куни марказда тизим ходимларига малака тоифа даражасини бериш бўйича аттестация комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. А.Шералиев унда котиб сифатида иштирок этди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Йиғилиш натижалари, яъни тизим ходимларига “олий”, “биринчи”, “иккинчи” тоифаларни бериш ҳақида марказ бош шифокорининг 2 та буйруғи қабул қилинди. Биринчи буйруққа бош шифокор А.Бўриевнинг имзоси қўйилиб, муҳрланди. Унга асосан туман ва шаҳар ДСЭНМ ходимларининг 51 нафарига тоифа даражалари берилди.

Бош шифокор ўринбосари Алишер Шералиев буйруқдаги ходимлар рўйхатини синчиклаб қараб чиқди. Нимадандир кўнгли тўлмади, шекилли, марказнинг ходимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи А.Корсунга шу куннинг ўзидаёқ иккинчи буйруқни тайёрлашга топшириқ берди. А.Корсунга имзолатилиб, марказнинг айлани муҳри ҳамда бош шифокор имзоси ўрнига “Аслига тўғри” деб ёзилиб, тўртбурчак шаклидаги муҳр босилган ва рўйхатга олиш “унутилган” бу сохта ҳужжатни ўқигач, А.Шералиевнинг юзи ёришди. Боиси унда ўринбосарнинг “ҳиммат”и билан асл буйруқдагидан фарқли ўлароқ 57 нафар ходимга (аттестациядан ўта олмаган айрим ходимларни ҳам “ўтказиб”) тоифа берилган эди. А.Шералиев шу сохта буйруқ асосида тоифа гувоҳномаларини туман ва шаҳар ДСЭНМ ходимларига тарқатиб юборди.

Натижада ходимларга ойлик иш ҳақи ортиқча тўланиб, А.Шералиевнинг жинояти оқибатида давлат бюджетининг 22 млн. 160 минг сўм маблағи талон-торож қилинди. Аммо сохта буйруқнинг миси чиқди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида Алишер Шералиевнинг мазкур қилмиши таҳлил этилиб, буйруқлар солиштирилганида “Аслига тўғри” деб муҳрланган иккинчи сохта буйруқ А.Шералиевнинг “нафсига тўғри” бўлиб чиқди. Оқ либосига қора доғ туширган шифокор ўз айбини тан олишдан бошқа имкон топа олмади.

Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан Алишер Шералиевга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 1 йил-у 6 ой моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда ойлик иш ҳақидан 20 фоиз ушлаб қолиш шарти билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Бюджетга етказилган зарар ҳам ундан ундирилди. 

Кўпроқ янгиликлар