2017 йил 7 июнь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги анжумани бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ва 2017-2018 ўқув йилига абитуриентлар қабули мавзуларига бағишланди. 

Тадбир давомида спикерлар журналистлар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб қайтаришди. Анжуманда иштирок этган мутахассисларнинг сўзларига кўра, таълим даргоҳлари ўртасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида хорижий муассасалар билан биргаликда “икки диплом”  (Double Degree) интеграцияланган магистрлик дастурлари, иқтидорли ўқитувчилар учун академик ҳаракатлар (Academic Mobility Programs) лойиҳаларини жорий этиш, шунингдек, 1 семестр давом этувчи талабалар алмашинуви (Student Exchange and Mobility Programs)ни йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. 

Олий таълим тизимини янада ривожлантириш дастурига асосан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси очилади. Идоранинг асосий мақсади – таълим ва ўқув-тарбия жараёнлари сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатишдир. 

Шунингдек,  жорий йилда Қашқадарё вилоятида Губкин номидаги Россия давлат университетининг Минтақавий тайёрлов маркази очилади.  Бу тайёрлов марказида талаба бўлиш истагидаги абитуриентлар таҳсил олишлари ва кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўришлари мумкин.  Мазкур Минтақавий тайёрлов марказининг ишга туширилиши ўқувчиларнинг Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали талабаси бўлишлари учун яхши имкон яратади.