Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 6 та ҳуқуқбузарлик бўйича санкциялар оширилади

Ўзбекистон 07 Июнь 2017 13137

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгаришлар ва қўшимчалар лойиҳалари Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида эълон қилинди, деб хабар бермоқда Norma.uz.

Давлат геология қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган тузатишлар қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарима тўловларини оширишни назарда тутади:

•  табиий ресурсларга эгалик ҳуқуқини бузиш (МЖтК 60-модда);

•  ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини бузиш (МЖтК 70-модда);

•  сув захираларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш (МЖтК 72-модда);

•  сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини бузиш (МЖтК 74-модда);

•  сувларнинг давлат ҳисобини юритиш қоидаларини бузиш (МЖтК 75-модда).

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги МЖтКнинг 212-моддасига аниқлик киритишни таклиф этмоқда. Жавобгарликка тортиш техник регламент ёки стандартларни бузганлик учун қўлланилишига аниқлик киритилмоқда.

Бундан ташқари, сертификатлаш қоидаларини бузганлик учун санкцияни кескинлаштириш ва жарима миқдорини ЭКИҲнинг 10 дан 50 баробаригача бўлган черагада ўрнатиш таклиф этилган (ҳозирда – ЭКИҲнинг 2 дан 3 баробаригача). Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик субъектлари рўйхати ҳам кенгайтирилмоқда. Уни сотувчилар, сертификатлаш органлари ва тажриба лабораториялари билан тўлдириш таклифи киритилди. Ҳозирги вақтда МЖтКнинг 214-моддаси бўйича жавобгарликка фақат тайёрловчилар (тадбиркорлар) тортилмоқда.

Лойиҳалар муҳокамага қўйилган бўлиб, ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин. 

Кўпроқ янгиликлар